Порахўрлар психологияси

Мени кўчада битта ёш йигит таниб қолди ва салом-аликдан сўнг: “Бизда шундай порахўрлар борки, унинг бир ўзи ўмарган пулга Ўзбекистон халқини бир йил боқса бўлади, дейишади. Наҳотки, шундай?! Ахир бутун уруғ-аймоғи билан 1000 йил умр кўрса ҳам, шунча пул ортиб қолади-ку! Порани шу даражада кўп олиш шартми? Инсон нега миллиардга ҳам тўймайди? Шу ҳақда фикр билдирсангиз. Мен “Маддоҳлар психологияси” ва “Қуллик психологияси” мақолаларингиздан ўзимга кўп нарса олдим. Порахўрлар психологияси ҳақида ҳам ёзсангиз...

Йигитчанинг шу саволи туртки бўлиб, савол-жавоб тарзида қуйидаги мақоламни ёздим:

- Шу йили барчамизни ларзага солган воқеалар – бу катта амалдорларнинг порахўрлик билан қўлга тушгани бўлди. Нейропсихолог сифатида порахўрлар психологияси ёки порахўрлик психологияси ҳақида нималар дея оласиз? Инсон нега пора олади?

- Мен бу саволга нейропсихолог сифатида эмас, психоаналитик нуқтаи назардан жавоб бера қолай. Нейропсихология – олий руҳий функцияларни ўрганувчи фан бўлса, психоанализ – инсоннинг ботиний онгига нималар яширинганини ўрганувчи фан. Кўриб турганингиздек, олий руҳий функция даражасига қараб олий раҳбарият бундай шахсларни олий лавозимларга тайинлаяпти. Бироқ ушбу кадрларнинг онг остига нималар яширинганини, афсуски, раҳбарият ҳар доим билавермайди. Буни фақат психоаналитик билади, холос. Бизда эса психоанализ мактаби ҳали шаклланмаган.

- Хўш, унда нима қилиш керак?! Одамнинг онг остига нималар яширинганини билиб бўлмаса, инсофли кадрни қандай қилиб топамиз?

- Миллионлаб инсонлар тақдири билан боғлиқ катта лавозимларга тайинланаётган шахсни “Ёлғон детектори”дан ўтказиш керак. Ушбу детектор яратилганига мана 100 йил бўлди. Бу услуб асосан криминалистик психологияда кўп қўлланилади. Уни кадр танлаш масаласида ҳам қўллаш вақти келганга ўхшайди...

- Ўта олмаса-чи? Яхши кадр топишнинг ўзи бўлмайди-ку?

- Ўта олмаса бундай кадрни мутлақ давлат ишига яқинлаштирмаслик керак. Ҳали бузилиб улгурмаган ёшларни излаб топиш лозим. Афсуски, бу иш барибир суст кетяпти. Тепадан таклиф қилинаётган ислоҳотларга пастда камида беш ҳалқали тўсиқ бор.

- Амалдор олган пора дипломатга эмас, сандиққа ҳам сиғмайди. Порахўрликнинг ижтимоий сабабларини ҳамма гапиради? Сиз мана шу иллатнинг психологик негизи ҳақида нима дея оласиз? Инсон нега пора олади?

- Психологик бўшлиқни тўлдириш учун пора олади. Психологик бўшлиқ эса сира тўлмайди. Психологик бўшлиқ галактикадаги қора туйнукка ўхшайди. Бундай бўшлиқ қачон пайдо бўлади? Ушбу бўшлиқ болалик ва ўсмирлик даврида шакллана бошлайди ва инсон улғайган сайин бу бўшлиқ ҳам катталашиб боради. Психологик бўшлиқ – бу ёмон нарса эмас. Бундай бўшлиқ ҳар биримизда бор. Уни тўлдириб борсак, бизда қониқиш ҳисси пайдо бўлади. Ушбу бўшлиқни ҳар ким ҳар хил йўллар билан тўлдиришга ҳаракат қилади: олим кашфиёт қилиб ёки ихтиро яратиб, ёзувчи чиройли асар ёзиб, деҳқон ҳосил етиштириб, футболчи гол уриб, рассом чиройли санъат асарини яратиб, ҳунарманд кўзни қувонтирадиган нақшинкор кўза яратиб ва порахўр эса пора олиб...

- Буни ҳар биримиз учун ҳаёт қониқишдан иборат экан, деб тушунишимиз мумкин...

- Албатта! Зигмунд Фрейд тили билан айтганда, ҳаёт қониқишдан иборат. Масалан, машҳур футболчи банкда миллион-миллион доллари бўлса-да, стадионда югуриб тўп тепишдан тоймайди ва бундан маза қилади. Нега?! Чунки мия ҳужайралари шунга ўрганган ва унга “Бор тўп теп, гол ур!” деб буйруқ бериб туради. Унинг мияси ана шундагина қониқади, роҳатланади. Порахўрлик ҳам худди шундай. Унинг ўмарган пуллари миллион доллардан ошса-да, бироқ тўхтай олмайди. Чунки унинг мияси ҳам шунга ўрганган ва унга “Пора ол! Пора ол!” деб буйруқ бериб туради. Порахўрнинг мияси ана шундагина қониқади. Демак, порахўр пул етишмаганидан пора олмайди, роҳатланиш учун пора олади, қониқиш учун пора олади.

- Демак, пора олиш – бу етишмовчиликдан эмас, мия ёки руҳиятдаги нуқсондан экан-да.

 - Албатта, шундай. Порахўрлик – бу орттирилган руҳий нуқсон. Бироқ бундан ўша руҳий касалнинг ўзи эмас, балки соғлом халқ азият чекади. Ушбу “руҳий касални” ҳар доим адолатли суд кутиб туради. Психоанализ асосчиси Зигмунд Фрейднинг Альфред Адлер деган шогирди бўлган. Адлер “етишмовчилик ҳисси” деган таълимот яратди. Ушбу таълимотга кўра инсон дунёга келганидан бошлаб, яъни ҳали онги ривожланмасдан туриб ўзидаги етишмовчилик ҳиссини тўлдиришга интилади. Бу интилиш баъзиларда шу қадар кучли бўладики, ҳатто ота-онага бўлган интилишдан ҳам ошиб кетади.

“Пул деса отасини ҳам танимайди” деган нақл ана шундан келиб чиққан. Демак, психоаналитик нуқтаи назардан олганда, чақалоқ ҳам, боғча ва мактаб ёшидаги бола ҳам ўзидаги етишмовчилик ҳиссини қондиришга интилиб яшайди. Бола улғайгач, қайсидир касбни эгалласа, ўша касб билан боғлиқ етишмовчиликларни қондиришга ҳар доим ҳаракат қилади. Ўша иш фаолияти жараёнида у порага аралашиб қолса, ўзидаги етишмовчилик ҳиссини пора билан тўлдиришга берилиб кетади, агар касбига меҳр қўйиб уни такомиллаштирса, ундан зўр мутахассис етишиб чиқади.

- Алфред Адлер таълимотининг бугунги порахўрликка қандай алоқаси бор?

- Бевосита алоқаси бор. Келинг, бирин-кетин оддий қилиб тушунтириб бераман. Альфред Адлернинг “Етишмовчилик ҳисси” ҳақидаги психологик таълимоти бироз ғалати туюлса-да, унинг турган битгани ҳақиқат. Бу таълимотни бир ўқиб чиқсангиз, порахўр нега тинмай пора олиши, машҳур футболчи катта бойликка эга бўлса-да, стадионда тинмай югуриши, илмга муккасидан кетган олим Нобель мукофоти олган бўлса-да, лабораториядан чиқмай кашфият яратиши сирларини билиб оласиз.

Бир эътибор қилинг-а, ўша қўлга тушаётган порахўр ўз касби бўйича юқори даражада профессионал, бироқ ўша етишмовчилик ҳисси уни тинмай пора олишга ундайди. Қиссадан ҳисса шуки, ҳар кимда чақалоқлик давридан бошлаб мавжуд бўлган “етишмовчилик ҳисси” қайсидир касбга қизиқиб тўғри йўлдан кетса, ушбу соҳанинг моҳир устаси бўлади, қинғир йўлга кириб психологик бўшлиқни пора билан тўлдиришга берилиб кетса, ўша биз кўриб-билиб турган хунук воқеалар рўй бераверади.

- Юқори лавозимдаги амалдорнинг пора олиши жамият психологиясига қандай таъсир кўрсатади?

- Фалокатли таъсир кўрсатади. Давлат ва жамият ишонган ва аслида коррупцияга қарши курашадиган катта амалдорнинг ўзи пора билан қамоққа тушишини кўз олдингизга келтиринг. Бу ҳолат жамият учун, айниқса, умидли ёшлар учун катта психологик зарба. Бундай ёшлар давлат ва жамият қонунларига ишонмай қўяди, ишга қўли бормайди. Порахўрлик билан қўлга тушаётган ёшларни катталар йўлдан уради, айнан ундан олдин ишга келганлар ёш кадрларни порахўрликка ўргатади. Қонун ҳимоячиларининг ўзлари ёшларга тўғри йўлдан юринглар дейишади-ю, ўзлари пора билан қўлга тушиб қолади. Ана энди ўзингиз ўйланг, бу иллат миллионлаб ёшлар психологиясига қандай таъсир кўрсатади?!

- Порахўрларга жамият кўникиб қолгандек гўё. Бу ҳам ўта хавфли бўлса керак?

- Албатта! Порахўрлик билан боғлиқ яна бир энг ёмон вазият – бу жамиятнинг шу ҳолатга кўникиб қолиши. Масалан, таълим соҳасидаги порахўрликка талаба ва ўқитувчилар кўникиб қолган, ҳокимлар пора олишига фермерлар кўникиб қолган, прокурорлар пора олишига орган ходимлари кўникиб қолган ва ҳоказо. Натижада глобал иқтисодий бўҳрондан ташқари, аҳолининг барча қатламида апатия (ишга мотивация сўниши) ва депрессия (тушкун кайфият) ривожланади ва ҳеч ким ҳеч нарсага ишонмай қўяди. Карл Густав Юнг таъбири билан айтганда, жамиятда “Буюк депрессия” шаклланади ва бундай жамият ҳеч қачон ривожланмайди. Инвестициялар талон-торож қилинишидан ташқари, натижа ҳам бермай қўяди. Бу даҳшатли ҳолат бутун организмга метастаз бериб тарқалиб кетган рак касалига ўхшайди.

- Хўш, унда нима қилиш керак? Наҳотки, бу балонинг давоси йўқ?!

- Қандли диабетда гангрена сабабли чириб бошлаган бош бармоқни кесиб ташламаса, бу чириш оёқни қамраб олади ва сўнгра бутун бошли организмни ҳалок қилади. Шу боис ҳанузгача ривожланган давлатларда ҳам гангренанинг давоси – уни кесиб ташлаш. Унга бошқа ҳеч қандай даво йўқ. Яна бир ҳолатни мисол келтираман. Тиббиётда “Апаллик синдром” деган тушунча бор. Унга ҳозирча даво йўқ. Бу синдромда бемор на ўлади, на тирилади. Тиббиёт бу ерда ожиз. Ривожланган давлатлар бундай беморларга раҳми келиб “эвтаназия” усулини қўллашади.

- “Порахўрлик синдроми” ни нега тушунарсиз “Апаллик синдром”га қиёслаяпсиз?

- Мен “Порахўрлик синдроми” ва “Апаллик синдром” бир-бирига ўхшаш ҳолатлар деяпман. Апаллик синдром олдида бугунги тиббиёт ожиз, порахўрлик синдроми олдида бугунги қонунлар ожиз. Ривожланган давлатларнинг аксариятида ушбу ҳолатларда эвтаназия усули қўлланилади. Кичик порахўрни қамоқ даволайди, коррупционерга эса эвтаназия усулини қўллаш керак. Уни даволаб бўлмайди.

Японияда енгилган генерал ўзини нима қилишини ҳаммамиз биламиз. Бироқ бизнинг порахўрлар бу ишни қила олмайди.

Чунки улар қўрқоқ. Биз уларга ёрдам беришимиз ва уларни ушб азобдан эвтаназия орқали қутқаришимиз керак. Барибир улар жаннатга тушмайди. Табиийки, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва адолатли жамият тарафдорларига нима деймиз, деган савол туғилади. Уларга жавоб шундай бўлади: “Биз адолатли жамиятда яшашни ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилаётган ўзбек халқини деб йилига 10 та коррупционерга эвтаназия усулини қўллашни жоиз топдик. Бу борада Хитойдан ўрнак олдик, деймиз. Ана шунда биз йирик коррупционерлар устидан ғалаба қозонамиз!

Зарифбой Ибодуллаев,

профессор.