Президент мактабларининг биринчиси Тошкентда очилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Президент мактабига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Пойтахтдаги Президент мактаби 168 ўринга мўлжалланган. Мактаб биноси ва ётоқхона, 15 ўринли ўқитувчилар меҳмонхонаси юксак даражада бунёд этилди.
Жорий йилда мактабнинг 5-10-синфлари учун ҳужжат топширган 7 мингга яқин ўқувчидан 144 нафари ўқишга қабул қилинди. Канаданинг “Teachaway” ва Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб қилинди. Таълимда STEAM ёндашувига оид дарслик ва ўқув қўлланмалари олиб келинди.
Шавкат Мирзиёев мактабнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди, мактабнинг илк ўқувчи ва ўқитувчилари билан суратга тушди. Мактабда яратилган шароитлар билан танишди, ўқувчилар билан суҳбатлашди.