Президентнинг юзлаб ҳужжатлари бекор қилинди, 121 тасига тузатиш киритилди
Президентнинг 2020 йил 27 сентябрдаги «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор идоралар билан биргаликда ўтказилган хатловда 2,5 мингга яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аниқланган. Улар ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини, бюрократик тўсиқ ва ғовлар, ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқармоқда. Шу муносабат билан:
- Президентнинг 1990–2018 йилларда қабул қилинган 498 та ҳужжати (тўлиқ ёки қисман) ўз кучини йўқотган деб топилди, 121 та ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди;
- хатлов натижасида аниқланган ҳукуматнинг 2 мингдан ортиқ шундай ҳужжатлари танқидий қайта кўриб чиқилади ҳамда уларни бекор қилиш бўйича таклифлар 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Ҳужжатга мувофиқ:
Биринчидан, индивидуал ва ташкилий хусусиятига эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фарқлашнинг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади. Бунда Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари назарда тутилган;
Иккинчидан, янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжати қабул қилинади ва бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжати ўз кучини йўқотган деб топилади. Аввал қабул қилинган бундай қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ташкил этилади;
Учинчидан, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш, шунингдек тадбирлар ўтказишни ташкил этиш юзасидан қабул қилинган ҳужжатлари тегишли йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган деб топилади;
Тўртинчидан, қонун ҳужжатлари базасини хатловдан ўтказиш давом эттирилади. Эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлар бекор қилинади, тарқоқ ҳолда тартибга солинаётган ижтимоий муносабатлар тизимлаштирилади.
НҲҲ ва уларнинг лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизми такомиллаштирилади. Адлия вазирлиги ушбу соҳада махсус ваколатли орган этиб белгиланди. Унинг марказий тузилмасида Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилади. Шунингдек давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида масъул ходимлар белгиланади. Мамлакатда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот ҳар йили ОАВда эълон қилинади ҳамда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Тартибга солиш таъсирини баҳолаш қуйидагилардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:
• норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталидан – НҲҲ лойиҳаларига нисбатан (ишлаб чиқувчи органлар ва ташкилотларнинг мажбуриятлари);
• ҳуқуқий мониторинг бўйича электрон майдончадан – амалдаги НҲҲларга нисбатан;
• «Е-Qaror» ягона электрон тизимидан – маҳаллий давлат ҳокимияти органларига нисбатан.
Жамоатчилик муҳокамаси, идоралараро келишув ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш босқичларида лойиҳага муаммо таҳлили, уни ҳал этиш йўллари, рақобатга таъсирини баҳолаш, янги тартибга солиш воситаларини жорий этишнинг эҳтимолий оқибатларини прогнозлаш ва баҳолаш, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлар учун фойда ва харажатларни таҳлил қилиш назарда тутилган таҳлилий материаллар илова қилинади.
2021 йил 1 февралга қадар илмий даражалар олиш учун талабгорларнинг илмий-таҳлилий фаолияти натижасида ишлаб чиқилган таклифларни оммавий онлайн ахборот тизимида мажбурий акс эттириш механизми жорий этилади. Мажбурий шарт – интеллектуал мулкчилик соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этиш.
Шунингдек қуйидаги иккита майдон модернизация қилинади:
а) regulation.gov.uz портали – унда қуйидагиларга имконият яратувчи «очиқ платформа» (open platform) ишга туширилади:
• жамоатчилик, бизнес ҳамжамияти, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларини амалга ошириш доирасида қайта алоқа механизмларини жорий этиш;
• давлат органлари ва ташкилотлари билан тематик онлайн учрашув ва муҳокамалар ўтказиш бўйича ташаббус кўрсатиш;
• қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсирини баҳолашда «краудсорсинг» имкониятларидан фойдаланиш. Масалан, онлайн-сўровномалар ўтказиш;
б) Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси:
• 2021 йил 1 июнгача барча амалдаги Олий Мажлис палаталарининг қарорлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг НҲҲлари базага киритилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари тизимлаштирилади, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлар бекор қилинади, ҳужжатларни базага автоматик тарзда жойлаштириш механизми жорий этилади;
• база фойдаланиш янада қулай ҳолатга келтирилади. Хусусан, НҲҲ, ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар, шунингдек оператив, ташкилий ва бошқа тусдаги ҳужжатлар бир-биридан алоҳида жойлаштирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.09.2020 йилдан кучга кирди.
Олег ЗАМАНОВ.