Прокуратура органларига ишга жойлаштириш эвазига 30 минг доллар талаб қилган шахс ушланди

Бош прокуратуранинг ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан ҳамкорликда фуқаро И.Э.нинг аризаси асосида тезкор тадбир ўтказилди.

Муаллиф аризасида “Носир” исмли шахс мансабдор яқинлари орқали таниши А.Э.ни прокуратура органларига ишга жойлаштириш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, ушбу пуллар ҳисобидан 5 минг АҚШ долларини олдиндан беришни сўраганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур мурожаат юзасидан 2021 йил 4 апрель куни ўтказилган тадбирда 2 нафар фуқаро Чилонзор туманида жойлашган “Денов” чойхонасида ариза муаллифи И.Э.дан 5 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Гумондор шахслар процессуал тартибда ушланди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади Bosh prokuratura хабарида.