Қаламни капкирга алмаштирган “Граф Монте-Кристо”

Асарлари жаҳон адабиёти дурдоналари қаторидан жой олган ёзувчиларни даҳо ижодкор, зукко ақл-заковат эгаси сифатида таниймиз. Аммо уларнинг бадиий ижоддан ташқари, бошқа буюк хислатлар соҳиби ҳам бўлганини билмаймиз. Улардан бири Александр Дюма.

У “Уч мушкетёр”, “Граф Монте-Кристо” ва яна тўрт юзга яқин ажойиб романлар ёзиш билан бир қаторда журналист, драматург, публицист, сайёҳ ва ниҳоят ажойиб пазанда бўлган.

Виктор Гюго ўз замондоши ва дўсти бўлган Александр Дюма ҳақида шундай ёзади: “Унда талантдан кўра, даҳолик юксак эди”. Публицист Октав Лакруа эса қўшимча қилади: “Жаноб Дюма дўстларининг айтишича, ёзишдан толиққанда қаламни капкирга алмаштириб, қозонга уннаганида бутун Францияда ундан моҳир ошпазни топиш қийин эди”.

Рост, 1802 йилда туғилган француз зодагонининг набираси ва қора танли қул авлоди бўлган Александр Дюма ёзувчилик маҳорати шарофати билан танилган эди. Аммо у ўзининг “Катта пазандалик луғати” китобини бадиий ижод маҳсули бўлган асарлардан устун ҳисобларди. Китобда пазандалик мавзусида 800 га яқин новеллалар ўрин олган.

1858-1859 йилларда Александр Дюма граф Кушулев-Безбородка таклифи билан тўққиз ойдан зиёдроқ вақтини Россияда ўтказади. Петербург, Москва, Карилеяда бўлади. Ваалам оролида, кейин Волга бўйлаб Нижний Новгород, Қозон, Саратов, Царицин ва Астрахан орқали Каспий бўйларида саёҳат қилади. Турли қушлар, ҳайвонларни овлайди, номдор ошхоналарда ширин таомлар тайёрлайди. Бу ҳақда у ўзининг “Париждан Астраханга” китобида батафсил ёзади.

Дюма бундан ташқари, Швейцария, Альп тоғлари, Кавказ мамлакатлари шаҳар ва овулларида бўлиб, табиатнинг гўзал ҳайвонот ва ўсимликлар олами, халқларнинг миллий пазандалик санъати билан танишади ва уларни ўз хотира китобларига киритади. 

1870 йилда Дюма парижлик ношир Альфонс Лемеруга умри давомида ёзган “Катта пазандалик луғати”ни нашр учун беради. Қўлёзма минг варақдан иборат бўлиб, ёзувчи ўлимидан кейин босилиб чиқади. Танқидчилар китобга юқори баҳо беришади: “Бу китобни албатта ўқиш керак, ахир Дюма ўзининг қадрдон китобхонларига ҳаётининг энг завқли дамларини васият қилган”.

Т.Шомуродов тайёрлади.