Қамал қилинган Ленинграддаги (Санкт-Петербург) “Ҳаёт йўли”
“Ҳаёт йўли” – Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар томонидан қамал қилинган Ленинградни ташқи дунё билан боғловчи ягона транспорт ва кема йўли эди. Ладог кўли орқали ўтадиган ушбу йўлдан ёзда сув орқали, қишда муз орқали транспорт қатнови йўлга қўйилганди.
Урушнинг дастлабки ойларида собиқ иттифоқ қўшини бир қатор йирик мағлубиятларга учради. 1941 йилнинг 8 сентябрида собиқ иттифоқнинг Шимолий пойтахти (Санкт-Петербург) Гитлер қўшини томонидан тўлиқ қуршаб олинди. Фашистларнинг мақсади шаҳар аҳолисини очликдан нобуд қилиш эди. Шу мақсадда Ленинград ташқи дунёдан бутунлай ажратиб қўйилди. Шаҳар ичакарисида 2,5 миллиондан ортиқ аҳоли очликка маҳкум этилганди. Шаҳарнинг озиқ-овқат захираси узоғи билан бир ойга етарди. Шу сабабли шаҳар фожиа ёқасига келиб қолди.
Шимолий пойтахт бутунлай қамалга олинганидан сўнг шаҳар билан алоқа ўрнатишнинг ва уни озиқ-овақт ва қурол аслаҳа билан таъминлашнинг ягона йўли қолганди. Бу эса қирғоқлари собиқ иттифоқ аскарлари назоратида бўлган биргина Ладог кўли эди. Урушдан олдинги даврда кўл соҳилида деярли ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб борилмаган. Сабаби Ладог кўли сув транспорти учун жуда ноқулай ҳисобланарди ва у орқали сув-қирғоқ транспортлари қатнови амалга оширилмасди.
Шаҳар ва шаҳарни ҳимоя қилаётган фронтни сақлаб қолиш учун деярли имконсиз ишни амалга ошириш зарур эди. Қисқа муддат ичида қиш фаслида ҳам узлуксиз фаолият олиб бора оладиган бутун бошли инфраструктура тизими барпо этилиши шарт эди.
“Одатда, “Ҳаёт йўли” дейилганда юкхонасига ун ортилган автомобилларни муз орқали Ленинградга олиб борадиган оддий йўл тасаввур қилинади. Аслида бу ўраб олинган Ленинградни, Кронштадтни, Ленинград фронтини, Қизил нишонли Болтиқ флотини қамал йилларида зарурий маҳсулот билан таъминлаган деярли йўқ жойдан барпо этилган инфраструктура эди. “Ҳаёт йўли” таркибига кўплаб омиллар кирган - бу Катта ер билан боғловчи “ҳаво кўприги”, кўл муз билан қопланмаган вақтда юк ташишни ташкиллаштирган Шимолий-Ғарб дарё кемачилиги, Москва билан алоқа ўрнатилишини таъминлаган телефон кабеллари, Ленинградни электр энергия билан таъминлаган юқори вольтли электр симлари (мазкур симлар Ладог кўлининг тубидан олиб ўтилган) эди. Шаҳарни ёқилғи билан таъминлаган, Ладог тубидан олиб ўтилган қувурлар ва бошқа омиллар ҳам бўлган”, дейди Ленинград ҳимояси ва қамали мемориал Давлат музейи директори Сергей Курносов (22.11.2016 TASS.RU нашри).
1941 йилнинг 12 сентябрь куни қуршаб олинган Ленинградга 800 тонна дон ва 60 тонна қурол-аслаҳа ортилган дастлабки кемалар етиб келди. 1941 йилнинг қисқа ва жуда машшақатли куз қатнови даврида (сув-транспорт алоқаси фашист авиациясининг тинимсиз ҳужумлари остида олиб борилди) Ладог кўлининг ғарбий соҳилига умумий ҳисобда 60 минг тоннага яқин турли маҳсулотлар етказилди. Улардан 45 минг тоннаси озиқ-овқат маҳсулотлари эди. Қамалдаги шаҳардан 33,5 минг тинч аҳоли ва ярадорлар эвакуация қилинди. “Ҳаёт йўли” магистралининг узунлиги 30 километр масофа атрофида эди. 1941 йилнинг кузида немис авиацияси 14 та сув кемасини (барж) чўктиришга муваффақ бўлди.
“Ҳаёт йўли”нинг муз устидан қатнайдиган автомобилларга мўлжалланган қишки мавсумига тайёргарлик 1941 йилнинг октябрь ойида бошланди. Автомобиль қатнови ва хавфсизликни таъминлаш учун махсус йўл назорати ташкил этилди. Унга муҳандис Монахов раҳбар этиб тайинланди. Кўл усти муз билан қопланганидан сўнг 1941 йилнинг 22 ноябрида автомобиль муз йўли ўз фаолиятини бошлади.
“Ҳаёт йўли” 1941 йилнинг сентябридан 1943 йилнинг мартигача қамалда қолиб кетган ленинградликлар учун ягона ҳаёт манбаи вазифасини бажариб берди.
“Ҳаёт йўли” фаолият кўрсатган муддат ичида умумий ҳисобда 206 минг тонна юк қамалда қолган Ленинградга етказиб берилди. Жумладан, Ленинград 112 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари - 56 минг тонна ун, 10 минг тоннага яқин дон, 2,5 минг тонна гўшт, 5 минг тоннага яқин балиқ, 3 минг тоннага яқин шакар, 7,5 минг тоннага яқин сабзавотлар билан таъминланди. Шунингдек, қамалдаги шаҳарга 18,5 минг тонна кўмир ва 50 минг тоннадан ортиқроқ қурол аслаҳа етказиб берилди.
“Ҳаёт йўли”да душман қўшинининг ҳужуми туфайли ёки муз ёрилиши оқибатида қанча инсон ҳалок бўлганини ҳеч ким билмайди. Урушдан сўнг бир неча ўн йиллар мобайнида ғарқ бўлган автомобиллар кўл тубидан чиқарилди. 101 рақамли ҳарбий автомобиль йўлидаги оддий одамлар ва ҳайдовчилар кўрсатган жасорат, қаҳрамонлик шарафига ўша автомобилларнинг бронзадан ясалган ёдгорлик нусхаси Ладог кўли соҳилида ўрнатилган.
Бундан ташқари, Гитлер қўшинига қарши бирлашиб курашган, “Ҳаёт йўли” фаолияти тўхтамаслигини таъминлаган ва бу йўлда ўз жонини қурбон қилган, турли миллат ҳамда эллат вакилларининг оммавий қаҳрамонликлари хотирасига кўплаб ёдгорликлар ўрнатилган. “Узилган халқа”, “Румбол тоғи”, “Ҳаёт гули” ёдгорлик мажмуалари уларнинг энг диққатга сазоворларидир.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.