"Қанчалик бефаҳм": Трамп Байден АҚШнинг муҳим сирини ошкор қилганини айтди
АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Пентагонда артиллерия ўқ-дорилари етишмаслигини тан олган Оқ уй раҳбари Жо Байденни танқид қилди.
Аввалроқ Байден Украина Қуролли кучларига кассетали ўқ-дорилар етказиб бериш Ғарб давлатлари оддий снарядлар ишлаб чиқаришни кўпайтиргунга қадар, вақтинчалик чора эканлигини маълум қилганди.
Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида айтганидек, ҳозир ядро қуролидан фойдаланиш хавфи туфайли АҚШ тарихидаги “энг хавфли давр”дир. "Бизда-чи, нима қилаётганини тушунмайдиган одам бор. Ўрнидан туриб, бутун дунёга ўқ-дориларимиз йўқлигини айтган одам", деди ғазаб билан собиқ президент.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, унинг ваколат муддати тугаган пайтда, АҚШдаги ҳарбий омборлар “лиқ тўла” бўлган.
"Биз ҳаммасини бердик. Наҳотки, ҳаммасини тугатган бўлса, бу даҳшат. Бундан ҳам ёмони, у бу ҳақда бутун дунёга жар солди, Хитой ва бошқа душман давлатларга бизда ўқ-дори йўқлигини айтди. Ўйлаб кўринг. Буни айтиш учун, қанчалик бефаҳм бўлиш керак?" – деди Трамп.
Яқинда YouGov тадқиқот компанияси ва Yahoo News ахборот портали ҳамкорликда ўтказган сўров натижаларига кўра, аксарият америкаликлар 2024 йилда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ҳам, амалдаги давлат раҳбари Жо Байден ҳам АҚШ президентлигига қайта сайланмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Тадқиқотга кўра, сўровда қатнашган америкаликларнинг 55 фоизи Байденни АҚШнинг янги президенти сифатида мос эмас деган бўлса, 53 фоизи Трампга қарши фикрда.