Қарор билан кодекс, Низом ва Йўл харита тасдиқланди, ўзгаришлар нималардан иборат?
Яқинда Президентимизнинг «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинганидан кўпчилик хабардор. Бироқ ҳамма ҳам ундаги улкан ўзгаришлар ҳақида тушунчага эга эмас.
Аслида давлат раҳбари имзолаган ҳужжат билан ички ишлар идоралари фаолиятига оида жуда катта ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси яратилди.
Хусусан, ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланди. Ички ишлар органларига хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимлар дастлабки синов муддати даврида Кодекс қоида ва талабларини бузган ҳолатларда уларга бириктирилган мураббийлар, айбдорлик даражасидан келиб чиқиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазога тортилади.
Интизомий жазо тариқасида лавозимидан озод этилаётган ходимларни бошқа соҳавий тузилмаларга ўтказиш амалиётига чек қўйилади. Бундай ҳолларда энди ўз йўналиши бўйича қуйи бўлинмаларга йўналтириш ёки малакасига баҳо берган ҳолда хизматга лойиқлигини аниқлаш мақсадида аттестациядан ўтказиш тартиби йўлга қўйилади.
Янги жорий қилинаётган шу тартибнинг ўзиёқ ҳужжатнинг моҳиятини, соҳада фаолиятни янгича кўринишга келтиришдаги аҳамиятини кўрсатиб турибди. Бундан ташқари, Президент қарори билан Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти тўғрисида Низом тасдиқланди.
Кўриниб турганидек, тизимда маънавий-маърифий ишлар кадрлар билан таъминлашдан кўра, аҳамиятлироқ, юқорироқ даражада бўлиши керак. Шунга кўра, икки ой муддатда хизматнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари ходимларида мулоқот психологияси ва муомала маданияти ҳамда ностандарт вазиятларда руҳий барқарорликни сақлаш бўйича зарур кўникмаларни шакллантириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни белгиланиши қайд этилди.
Қарор билан шунингдек, Ички ишлар органларида кадрлар салоҳияти даражасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг "Йўл харитаси" ҳам тасдиқланди. Бу борада амалга оширилиши режалаштирилган ишлар аввало тизимга бўлган қизиқишни янада ошириш, бу орқали, халқни соҳа ходимларига бўлган ишончини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Негаки, янги тартибга кўра, танловлар икки босқичга, яъни саралаш ва ўрганиш босқичига ажратилди. Энди «Е-nomzod” ёпиқ ахборот тизимини яратиш орқали хизматга қабул қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади.
Дарвоқе, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимларини “Фуқаролар билан ишлаш модули” бўйича узлуксиз ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади. Ходимларнинг самарали хизмат олиб боришдаги шахсий масъулиятини оширишга қаратилган бу амалиёт ички ишлар органларига хизматга биринчи марта қабул қилинган ходимлар уч ойлик бошланғич касбий тайёргарлик курсларидан тубдан фарқ қилади.
Чунки бунда ходимлар Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида давомийлиги 144 соатдан кам бўлмаган дастур асосида ўқитилади. Ҳар уч йилда бир марта бўладиган ўқиш якунида махсус синовдан ўтказилиб, синовларни муваффақиятли топширганларга келгусида ушбу соҳада хизмат қилиш ҳуқуқини таъминлайдиган сертификат берилади.
Шодиёр Жуманов,
вилоят ИИБ ЖХХ ППХ батальони командири ўринбосари.