Соҳадаги ислоҳотлар янги босқичга чиқади, ички ишлар органлари аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантирилади
«Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, энг асосийси, бугунги ислоҳотлар бош мақсади бўлган — инсон қадрини қарор топтириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Аслида, ушбу ҳужжат ички ишлар органларида кадрлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Чунки, биргина қарор билан тасдиқланган «Ички ишлар органларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси»ни қабул қилиш ташаббуси бундан бир йил олдин давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган эди.
Умуман, давлатимиз раҳбари имзолаган ҳужжат шахсий таркиб ўртасида нафақат «темир интизом»ни таъминлаш, балки соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун замин яратишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.
Зотан, қарор билан ички ишлар органлари хизматига номзодларни қабул қилиш, кадрларни тайёрлаш, уларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, таълим сифатини кўтариш, илмий ҳамда психологик фаолиятни ривожлантириш, жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражасини юксалтириш ҳамда хизмат ўташ масалаларида ва албатта, соҳани рақамлаштириш бўйича кенг кўламли вазифалар белгиланди.
Янгича иш юришга яратилган асос
Хусусан, шу пайтга қадар фаолиятимизда фақат «Ички ишлар органларининг интизом устави»га амал қилиб келинган. Давлатимиз раҳбари имзолаган ҳужжат билан эса «Ички ишлар органларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси» қабул қилинди.
Юқорида айтганим уставнинг асосий предмети ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жазолаш фаолиятини тартибга солишдан иборат бўлган. Янги қабул қилинган Кодекс ходимларни маънавиятли, садоқатли, халқпарвар этиб тарбиялаш, уларда ҳалоллик, юқори масъулият ҳамда одоб-ахлоқ нормаларига сўзсиз риоя этиш ҳиссини шакллантириш, шу билан бирга ножўя ҳаракатлар ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
Шунингдек, ходимларнинг хизматдан ташқари вақтдаги одоби, раҳбар ва ходимнинг ўзаро муносабати, бошлиқнинг мажбуриятини ҳам ўз ичига олган.
Асосийси, кодексда белгиланган қоидаларга амал қилишнинг қатъий талаблари ва шартлари ҳам белгиланди. Бундан буён ҳар бир ходим, у раҳбар бўладими ёки оддий ходим хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашда кодекс талабларини билиши ва унга амал қилиши асосий мезон ҳисобланади.
Кодексдаги қоида ва талабларга амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш эса ходимни ички ишлар органларидан хизматдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлади. Шунингдек, барча даражадаги раҳбарлар кодекс талабларининг бажарилишига қаратилган маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни амалга ошириш бўйича шахсан жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Номзодларни саралаш замонавийлашади
Айтиш мумкинки, кадрларни хизматга қабул қилиш соҳа тақдирини белгиловчи энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Очиғини айтиш керак, ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш тизими самарадорлик жиҳатидан анча эскирган, салоҳиятли номзодларни саралаб олиш имкониятини бермаётган эди. Қайд қилинган ҳужжат билан ушбу масала ҳам қайта кўриб чиқилиб, хизматга қабул қилишнинг мутлақо янги, такомиллашган замонавий механизми яратилди.
Янги тартибга кўра, танловлар икки босқичга, яъни саралаш ва ўрганиш босқичига ажратилди. Энди «Е-nomzod” ёпиқ ахборот тизимини яратиш орқали хизматга қабул қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади. Инсон омили аралашуви юқори бўлган суҳбат тизими ўрнига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тест синовларини қабул қилиш ва психофизиологик (полиграф) текширувидан ўтказиш тадбирлари амалга оширилади.
Ақлий синовлар жисмоний даражани баҳолашдан олдин қабул қилинади ва тестларни фақат яхши ва аъло баҳога топширганлар кейинги босқичга қўйилади. Номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва шахсий йиғма жилдларни шакллантириш саралаш босқичидан ўтгандан сўнг амалга оширилади. Шунингдек, ҳужжат расмийлаштириш жараёнлари бюрократик тўсиқларни бартараф этиш нуқтаи назаридан соддалаштирилади.
Таъкидлаш ўринлики, шу пайтгача янги қабул қилинган ходим ҳеч қандай тайёргарликсиз тўғридан-тўғри хизматга чиқарилиб, вазифалар юклатилган. Бу тартиб ва синов уч ой, яъни қисқа муддат эканлиги ёш ходимларни хизмат вазифасини лозим даражада бажара олмаслигига, хатоларга йўл қўйишига сабаб бўлаётган эди. Янги тартиб бўйича хизматга энди фақат салоҳиятли номзодлар танлаб олинади ҳамда бошланғич касбий билим ва кўникмаларни эгаллаганидан сўнг хизмат қилиш учун рухсат берилади.
Шу кунга қадар амалда бўлган хизматга қабул қилинган ёш ходимларни бошланғич касбий тайёргарликдан ўтказмасдан тўғридан-тўғри хизматга қўйиш амалиётига барҳам берилиб, дастлабки синов муддати эса бир йилгача узайтирилди.
Устоз-шогирд анъаналари
Эндиликда ИИОда “мураббийлик институти”ни самарали амалга оширишни ташкил этиш, мураббийлар ва ёш ходимлар фаолиятини мониторинг қилиш, баҳолаш ҳамда услубий таъминлаш ишлари йўлга қўйилади.
Умуман, мураббийлик фаолиятини ташкил этиш жараёнини танқидий ўрганиш ҳамда мазкур йўналишни замон ва амалиёт талабларини инобатга олган ҳолда тубдан такомиллаштириш чораларини белгилаш кўзда тутилмоқда.
Аслида бу борада ҳам дастлабки аниқ чоралар белгиланган. Мисол учун, ёш ходимларга ёки битирувчиларга бириктирилган мураббийларга лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади. Ёш кадрларга бириктирилган мураббийлар фаолиятини ўрганиш орқали уларнинг касбий ўсишлари узлуксиз мониторинг қилиниши ташкил этилади.
Бу тажрибали ходимларга катта имтиёзлар яратилади, дегани эмас. Чунки ходимлар дастлабки синов муддати даврида кодекс қоидалари ва талабларини бузган ҳолларда уларга бириктирилган мураббийлар айблилик даражасидан келиб чиқиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазога тортилади. Демак, шу тариқа мураббийлар масъулияти ҳам кескин оширилади.
Ходим ҳар жиҳатдан тайёр туради
Қарор билан касбий тайёргарлик ҳамда идоравий таълим соҳасига ҳам қатор янгиликлар киралмоқда. Зотан, бу борада ҳам тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, ИИВ Академиясида ички ишлар органлари таълим муассасаларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш тизими йўлга қўйилиши, амалиётдаги кучли ходимларни педагог сифатида тайёрлаш ҳамда педагогларнинг мутахассисликларига соҳанинг ўзига хос хусусиятларини интеграция қилиш имкониятини яратади.
Қарорда шунингдек, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментига шахсий таркибнинг жисмоний, жанговар ва психологик тайёргарлигини янада яхшилашга қаратилган бир қатор муҳим вазифалар қўйилди. Жумладан, ички ишлар органларида жисмоний ва жанговар тайёргарликни ташкил этиш концепциясини ишлаб чиқиш, малака тоифасини бериш тартиби ва мезонларини танқидий қайта кўриб чиқиш орқали уларни замон талабларига мос равишда малакалаш ва малакасига кўра, ҳақ тўлаш тартибини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Шунингдек, барча даражадаги ички ишлар органларининг жанговар шайлик ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишни назарда тутиб, спортнинг якка кураш турлари (қўл жанги, самбо ва кураш) бўйича ҳудудий терма жамоалар ва спорт секцияларини ташкил этиш, психологик хизмат кўрсатиш бўйича янги тизимни жорий этиш, унинг моддий-техник базасини ривожлантириш, мутахассисларни хорижий илмий ва таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни назарда тутувчи чораларни белгилаш вазифаси қўйилган.
Жамоатчилик назорати бўлади
Қарорнинг муҳим жиҳатларидан яна бири шуки, энди ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратилади.
Шу мақсадда, Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат маслаҳат-кенгаш органи, яъни жамоатчилик кенгашлари тузилади.
Қарор билан кенгашларнинг ҳам вазифалари аниқ белгилаб берилди. Умуман, қарор билан танишиб чиққан ҳар қандай одам Президентимиз бошчилигида халқ манфаатларини кўзлаб ички ишлар органларида олиб борилаётган ислоҳотлар бундан кейин ҳам тўхтаб қолмаслигини англаши тайин. Чунки, қарорда белгиланган вазифалар буни яққол исботлаб турибди.
Аслида қарорда белгиланган вазифалар ва чора-тадбирларни биргина мақола билан очиб бериш мушкул масала. Шунга қарамай айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари имзолаган ҳужжат ички ишлар органлари ходимларнинг маънавий-ахлоқий фазилатлари юксалишига, тартиб-интизом ва қонунийлик мустаҳкамланишига, ходимларда билим ва профессионализм ҳамда масъулият ортишига хизмат қилади. Ва пировардида аҳолининг тизимдан чин дилдан розилигига эришимиз гарови бўлади.
Фахриддин Раҳматов,
вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник.