Журналистиканинг эртасини ўйлаб

Биз барпо этаётган ҳуқуқий демократик давлатда сўз ва матбуот эркинлиги доимо Бош қомусимиз ва қонунларимиз ҳамда Президент ҳимоясида бўлади. Бу – давлатимиз раҳбарининг яқинда мамлакатимиз матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида қайд этилди.

Аслида, Президентимиз бу фикрларни кўп таъкидлайди, қаердаки оммавий ахборот воситалари, очиқлик ҳақида гап кетса, соҳа вакилларини фаол бўлишга даъват этади, доим бизни қўллаб-қувватлашини, ҳақ-ҳуқуқларимиз ҳимоя қилинишини таъкидлайди. Бу гаплар мавриди келгани ёки руҳлантириш учун айтилган фикрлар эмаслигини фаолиятимиз давомида кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг бу йилги касб байрамимиз арафасида қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ҳаётида чиндан ҳам жуда катта ўзгариш ва янгиликларга асос бўлди. Қарорда ҳамкасбларимизни кўпдан буён ўйлантириб, ташвишга солиб келаётган кўп масалаларга ечим топиб берилди, тилимиз ва дилимиздаги муаммолар ҳал этилди.

Аввало, шу йилнинг 1 июлидан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлашга ўтиши, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилиши таҳририятларнинг иқтисодий имкониятлари ошишига асос бўлди.

Соҳа вакиллари яхши билади, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари йилни фойда билан якунлаши қийин ва шундай бўлганда ҳам бунга сарф-харажатларни қисқартириш, маош ва рағбатлантириш фондидан тежаб-тергаб фойдаланиш орқали эришилади. Шунда ҳам бу фойдадан таҳририят моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, янги ускуна ва техник жиҳозлар харид қилишда фойдаланиш кўзда тутилади.

Энди ана шу масалада бироз имкониятларимиз кенгайди. Даврий босма нашрлар ва китоб маҳсулотларининг ҳозиргача амалда бўлган ва келгуси йилдан бекор қилинаётган тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларга бепул тарзда бериладиган мажбурий нусхалари харажати охир-оқибат газета ва журналлар обунаси ҳамда китоблар таннархига қўшилади. Мажбурий нусха ҳисобланган юзтадан ортиқ газета, журнал, олтмишдан кўпроқ китобнинг пули арзимас сумма эмас ҳарҳолда. Энди мажбурий нусхалар учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади – оқилона ечим.

Қарорнинг энг муҳим томонларидан яна бири, эндиликда бюджет ташкилотларига “кутубхона фонди” харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилди. Кейинги пайтда “мажбурий обунага йўл қўйилмайди” деган гап билан кўплаб ташкилотлар, жумладан, бюджет ташкилотлари даврий нашрларга обуна бўлмаётган эди. Айниқса, таълим муассасаларига обуна учун маблағ ажратилмаслиги зиёли педагогларимизнинг газета-журнал ўқимай қўйишига олиб келаётган эди. Ўқитувчи газета ўқимаганидан кейин ўқувчилардан нима кутиш мумкин? Шундай ҳолатлар бўлдики, катта-катта мактабларда ҳатто, бир дона бўлсин, болаларга мўжалланган газета, журнал топилмади. Бундай мактаблар ҳозир ҳам жуда кўп.

Айрим раҳбарлар, масъулларнинг “ахборотни интернет орқали олиш мумкин, босма нашрларга эҳтиёж йўқ”, деган калта ўйланган фикрлари сабаб мана шундай ҳолатлар юзага келаётганди. Энди бунга барҳам берилар. Албатта, босма нашрлар таҳририятлари, матбаа корхоналари ҳам бугунги давр талабига мос фаолият кўрсатиши, замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиши, нашрларнинг ҳар бир обуначига ўз вақтида етиб боришига эришиши керак. Айни мақсад учун қарорда даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига масофадан туриб обуна бўлиш ва уларнинг буюртмачигача ўз вақтида етказиб берилишини кузатиб бориш имконини берадиган “Обуна” ягона электрон платформаси ва унинг мобиль иловасини яратиш белгилангани ҳамкасбларимизнинг кўнглидаги гап бўлди.

2026 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар томонидан “Обуна” ягона электрон платформаси орқали обуна қилинган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар обуна нархининг 10 фоиз, болалар учун мўлжалланган даврий босма нашрлар обуна нархининг 20 фоиз миқдори давлат бюджети маблағлари ҳисобидан обуначиларнинг банк карталарига бир ой муддат ичида қайтарилади (“Cashback”).

Бундан ташқари, ҳар бир даврий босма нашрнинг замонавий электрон шакли, шу жумладан, мобиль иловаларини яратиш учун давлат бюджетидан ҳамда муассис бўлган тегишли ташкилотлар томонидан маблағ ажратилиши белгиланди. Давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганига камида икки йил бўлган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклини, шу жумладан, уларнинг мобиль иловаларини яратиш ҳамда модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш учун 2026 йил 1 январга қадар ҳар йили энг яхши 20 та лойиҳа бўйича танлов эълон қилинади. Бунда, ҳар бир лойиҳа учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган миқдорда маблағ ажратилади.

Умуман, қарордаги мазкур янги тартиблар билан таҳририятлар ва муассислар ўртасидаги муносабатларга аниқлик киритилди, вазифалар аниқ белгилаб берилди. Ҳар бир вилоятдаги Матбуот уйларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан бугунги кун талабларига мос ҳолатда таъмирлаш ва жиҳозлаш белгиланди. Оммавий ахборот воситалари таҳририятларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиши, иқтисодий имкониятлари кенгайиши, ижодий муҳитга ижобий таъсир қилиши, ходимларнинг самарали фаолият олиб боришига туртки бериши табиий. Лекин бу билан чекланмаган ҳолда, қарорда фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар пул мукофоти билан тақдирланиши белгиланди. Бунинг учун давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танловлар ўтказилади.

Келгуси йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда бош миллий мукофот сифатида автомобиль берилади. Танловнинг мукофот жамғармаси ҳам анчагина кўпайтирилди. Қарорда журналистика соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича белгиланган вазифалар, чора-тадбирлар ҳам бугунги кун талабидан келиб чиқиб ишлаб чиқилганки, бу яқин йилларда ўз натижасини беради, албатта.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон Миллий медиа ассоциациясининг қўллаб-қувватланиши, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай шарт-шароит, иқтисодий имкониятлар яратилиши, ҳуқуқ ва ваколатларининг кенгайтирилиши ҳам соҳа тараққиётига хизмат қилади. Шу ва бошқа янгилик, ўзгаришлар ифодаланган 2022–2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Эътиборли томони, ушбу дастурда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари шахсан масъул эканликлари кўрсатиб ўтилди. Демак, қарорда белгиланган вазифалар, мақсадлар қоғозда қолмайди, амалга ошади.

Ғолиб Ҳасанов.