Қиёфадошлар тақдири

Тарихда жумбоқлар ва тушуниб бўлмайдиган ҳодисалар кам эмас. Шу жумладан, қиёфадош одамларнинг дунёга келиши ҳам. Ҳайратланарлиси шуки, улар бир-бирига қариндош ҳам, таниш ҳам эмас. Турли даврларда, ер шарининг турли бурчакларида яшайди.
Қуйида шулардан бири ҳақида ўқийсиз.

Қиёфадошлар билан энг сирли воқеа XX аср бошида Италияда содир бўлган.
Бу 1900 йил 28 июлда бошланди. Италия қироли Умберто I ўз адъютанти Эмилео Понцо – Валья билан Римдан бир неча километр наридаги унча катта бўлмаган Монцу шаҳарчасига ташриф буюради. Бу ерда енгил атлетика бўйича мусобақа бўлиб ўтаётган, қирол шахсан ўзи ғолибларга мукофотларни топшириши лозим эди.

Кечқурун Умберто I адъютанти билан овқатланиш учун кичик ресторанга йўл олади. Нуфузли меҳмонни ресторанча эгасининг ўзи тавозе билан кутиб олади. Қирол диққат билан қараб, уни худди эгиз укасидек ўзига ўхшаганини кўриб, ҳайрон қолади: гавдаси, юзи, кўзи, мўйлови, овози, қўл харакатлари, ўтириш-туриши бир томчи сувдек қиролнинг ўзгинаси эди. Бунинг устига ресторанча эгасининг исми ҳам Умберто бўлиб, у ҳам Турин шаҳрида бир кунда – 1844 йил 14 март куни туғилган экан.

Қиёфадошлар ҳатто бир кунда - 1866 йил 2 апрелда уйланган, ресторанчининг рафиқасининг исми ҳам қироличаники сингари Маргарита экан.
Икки Умбертонинг ўғилларининг исмлари Витторио бўлиб, иккоив ҳам енгил атлетика билан шуғулланишаркан. Кейинчалик ҳайратомуз ўхшашлик янада ажабланарли тус олди. Буни қарангки, Австро-Пруссия-Италия уруш йилларида қиёфадошларнинг иккаласи ҳам ўша жангда иштирок этган. 1866 йилда қирол ҳали полковник, ресторанчи оддий аскар экан. 1870 йилда иккисининг ҳам унвони ошган: қирол корпус командири, ресторанчи сержант унвонини олишган. Ҳатто мавқеилари ҳам бир вақтда кўтарилиб борган. 1878 йил 8 январда Умберто I тахтга ўтирган, иккинчиси эса хусусиий ресторан очган.

Қирол бу ҳайротомуз ўхшашликдан ғоят таъсирланиб, адъютанти Понцо – Вальяга “Мен бу инсонни мукофотлашни истайман, у эртага албатта мусобақада бўлишини таъминла” деб буйруқ беради.
Бироқ эртаси куни қиролга ресторанчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилишади: номаълум босқинчилар уни отиб кетишибди. Ёзишларича, ўз қиёфадошининг ўлимини эшитган Умберто I: “Лекин тақдиримизда ҳаммаси ҳам ўхшамади, у ўлди, мен эса тирик” деб турганида оломон орасида турган анархист қирол кўксига уч марта ўқ узади. Умберто I ўлдирилади – икки ўқ унинг юрагига теккан экан.

Қиёфадошлик инсониятни неча минг йиллардан буён ҳаяжонлантириб келади. Жуда кўп тадқиқотчилар – файласуфлар, тарихчилар, руҳшунослар, физиклар, математиклар, ёзувчилар бу ҳодисага изоҳ топишга уриниб келади, бироқ натижа йўқ. Одамларни эса ҳозиргача “Нима учун қиёфаси ва тақдири ҳам ўхшаш кишилар дунёга келар экан, деган савол қизиқтиради.

Т.Шомуродов тайёрлади.