Қобул аэропорти қайта тикланади
“Бу Қобул халқаро аэропортига қўнган янги гуманитар рейс - Бирлашган Араб Амирликларидан келган учинчи самолётдир. БАА вакиллари бунинг сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, улар кўпроқ оддий афғон халқининг ҳаёти учун қайғуришаётганини айтишмоқда. Шунингдек, уларнинг 600 кишилик гуруҳи аэропорт инфратузилмасини тиклаш ва ишини давом эттириши устида иш олиб бораётганини маълум қилишди. Аммо бу ишлар учун маълум вақт керак бўлади,” деди Euronews мухбири Анелиз Боржес.
“Аэропортнинг кўплаб участка ва тизимлари жиддий шикастланган. Кеча мен пудратчи билан боғландим ва у сув алмашиш тизимининг барча асосий насослари шикастланганини айтди. Ер ости хоналарида катта миқдорда сув йиғилмоқда. Буни олдини олиш керак. Табиийки, бунинг учун кўп вақт талаб қилинади. Биз техник ёрдам кўрсатамиз, бундан ташқари ваколатимизга кирмайдиган масалаларни ҳал қилишга ҳам ўз ҳиссамизни қўшамиз деб умид қиламиз”, дейди GAAC HOLDING минтақавий директори Иброҳим Моарафий.
Терминал биносида вайроналар ташқаридагидан кам эмас. Компьютер тармоғи ва компьютерлар бузилган. Аммо аэропортни қайта тиклашга масъуллар иш қизғин кетаётганини айтишди.
“Худонинг ёрдами билан ҳозир ишлар яхши кетмоқда. Гарчи буни кўнгилдагидек деб бўлмасада, биз бутун дунёга аэропортимизни яхши томондан, қайта очилганини кўрсатишдан мамнун бўламиз”, дейди Қобул аэропорти божхона ходими Саид Имрон Шинвар.
Дунё эса мамлакатда нима бўлаётганини кузатмоқда. Қўшма Штатлар, Германия ва Буюк Британия чет элликлар ва ҳаёти хавф остида бўлган афғонларни эвакуация қилишни тиклаш борасида “Толибон” билан музокараларни давом эттирмоқда. Аммо ҳозирча йўловчи самолётлар Қобулдан фақат ички рейслар бўйича ва деярли бўш учмоқда.
Г.Холдорова тайёрлади.