Қонаётган тиш, иболи мимоза ва ўлик гул: ғайриоддий ўсимликлар

Ердаги ғаройиб организмларнинг саноғи йўқ. Агар ҳайвонларни оладиган бўлсак, уларнинг ғалати, кулгили ва ғайриоддий турлари кишини ҳайратда қолдириши мумкин. Ўсимликларда-чи? Аслида дарахт ёки гулларнинг ҳам ғалати кўринишдаги ажаблантирадиган турлари ҳам бор. Келинг, улар билан танишамиз.

“Мураббо томдирилган момиқ”

Гриб Гидне́ллум Пе́ка/ © wikigrib.ru

Гиднеллум Пек, илмий номга эга бу ғалати замбуруғ одамларга қандай таассуротларни келтириб чиқармайди, дейсиз. Уни мураббо томган сақич, ўрмон ҳайвонининг қони сачраган пахта, ҳатто эҳтиётсизлик билан устига қалин сироп қуйилган оддий қўзиқорин ҳам дейишади. Бу “кўркамлик” ҳақиқий қулупнай ҳидини тарқатади. Замбуруғ бепарволик туфайли унинг ёнидан ўтиб кетаётган кичик ҳашаротлар билан озиқланишга қодир, қизил томчилари эса ўта ёпишқоқ. Гиднеллум Пек одамлар учун зарарсиз, у резинага ўхшашлиги сабабли ейиладиган ҳеч нарсаси йўқ. Айтганча, бу қўзиқорин мўътадил минтақаларда жуда яхши ўсади.

Ҳашаротхўр Венерина

Венерина мухоловка/ © naked-science.ru

Ҳашаротхўр Венеринанинг табиий яшаш жойи Америка. Лекин уй шароитида бу ўсимликни хавфсиз ўстириш имкони борлиги туфайли у барчага таниш.

Бу жонивор барглари билан ҳашаротларни тутиб, кейин хотиржам уларни ҳазм қилишга қодир. Қопқон гул охиридаги пайчалар тегинилиши билан ишга тушади. Ҳатто энг кўринмас туки ҳам тебранишларни сезади ва агар сиз икки ёки ундан ортиқ пайчаларга тегсангиз, ўсимлик ярим сония ичида ўз тавақаларини сиқиб қўяди.

Раффлезия – ўлик гул

Биологлар бу гулни XIX асрда Индонезия оролларидаги саёҳат пайтида топдилар. Уларни унинг катталиги ва даҳшатли кўриниши эмас, балки ўсимликдан тарқаладиган даҳшатли бадбўй ҳид ҳайратда қолдирди.

Паразитическая раффлезия, она же трупный цветок/ © bigpicture.ru

Кейинчалик Раффлезия соф паразит эканлиги маълум бўлди. Ўсимликнинг илдизи ҳам, пояси ҳам йўқ. Фақат диаметри бир метрдан ошиб кетадиган бешта гўштли барглари бўлган улкан гул ўрмонда ўсадиган чирмовиқ ўсимликларнинг айрим турларига паразитлик қилади. Ўсимлик чиқарадиган ўлик ҳид унинг кўпайиш механизмларидан биридир. Бадбўй ҳидга ғизиллаб тўпланган гўнг чивинлари Раффлезияни чанглатиб, шу билан унинг яшаш жойини кенгайтиради.

Иболи мимоза – нозик гўзаллик

Уй шароитида осонгина ўстириладиган бу гулга қараб, ўсимликларнинг асаб тизими борлигига чиндан ҳам ишониш мумкин.  Мимозанинг қатламли баргларига тегинишингиз билан, улар гўё бегона одамдан хижолат тортаётгандек, дарҳол қисқаради.

Стыдливая мимоза/ © bbc.com

Биологларга маълум бу ҳолат ўзига хос ҳимоя механизми деб ишонилади – албатта, ҳар бир жонзот кутилмаган ҳаракатдан қўрқади. Уятчан мимоза нафақат чақирилмаган меҳмонни қўрқитиши мумкин, балки заҳарлидир. У ўз кавакчаларидан водород сульфидини чиқаради.

Манцинел – дунёдаги энг заҳарли дарахт

Бу бегуноҳгина кўринадиган “олма” ўсадиган жойларда қизил тасма боғланиб, огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилгани бежиз эмас. Манцинел дарахти сайёрадаги энг заҳарли дарахт сифатида танилган. Унда мутлақо ҳамма нарса хавфлидир – барглари терида пуфакчалар қолдириб куйдирадиган шарбат чиқаради, яшил олмачаларини истеъмол қилган одам тўғри реанимацияга юборилади. Ҳатто унинг ўтини ёқилса, тутуни нафас олишни қийинлаштириб, вақтинчалик кўрликка олиб келиши мумкин.

Манцинелловое дерево/ © lektrava.ru

16 метр баландликкача етадиган дарахт жуда зич шох-шаббага эга, унинг остида ёмғирдан яшириниш жуда қулай. Лекин ҳеч қандай ҳолатда буни қилмаслик керак – баргларидан оқиб чиқадиган ёмғир суви кислотага ўхшайди ва кийимни осонгина ўйиб ташлаб, терида кучли куйиш қолдиради.

Дунёда турлари ва хусусиятлари билан ажаблантирадиган кўплаб ўсимликлар бор. Ҳатто бизга одатий бўлиб кўринадиган мевалар ва баъзи зираворлар тасаввур қилганимиздан бутунлай бошқача тарзда  етиштирилади.

Масалан, мана бу суратдаги бизга жаҳл билан қараб турган қиёфачалар бўлажак кешью-ҳинд ёнғоқларидир.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.