Қонун устуворлигини таъминлаш – ҳуқуқий давлат кафолати
Қонун устуворлиги аввало, Конституция устунлигини эътироф этиш ва унга амал қилиш билан бевосита боғлиқ. Конституция энг олий қонун сифатида давлат ва жамият учун ҳар доим ҳар нарсадан устун туради.
Қонун устувор бўлган давлатда демократик қадриятлар қарор топади ва мустаҳкам давлат бошқаруви амал қилади. Қонун устуворлигини таъминлаш эса осон жараён бўлмай бир қатор муҳим ишлар ва чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади. Бунинг учун ҳар қандай қонун ҳужжати яратилишидан олдин мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари чуқур англаниши, давлат ва жамият тараққиёти ривожланиши йўлида қўйилган вазифалар аниқ идрок қилиниши лозим.
Бундан ташқари, жамиятда тартибга солинмаган ижтимоий муносабатлар аниқланиши, фуқароларнинг муаммолари ўрганилиши, муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлаётган турли қарашлар инобатга олиниши ва улар илмий асосланиши керак. Давлат органларида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ жараёнларда очиқликни таъминлаш, лойиҳаларни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши ҳамда лойиҳаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муҳим омиллардан бири саналади.
Қонун ҳужжатлари фақат Конституцияда белгиланган норма, қоида ва принциплар асосида ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши, идоравий ва ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилишни кескин камайтириш, қонун ҳужжатларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини турлича талқин қилишга олиб келадиган ҳаволаки нормалар кириб қолишининг олдини олиш, тўғридан-тўғри қўлланадиган нормалар яратилиши муҳим.
Ҳар бир кишида норма ижодкорлиги қобилиятини ривожлантириш, фикрларни эркин баён қилиш муҳитини шакллантириш, ҳар қандай ғоя ва қарашларни ҳурмат қилиш, уни рағбатлантириш, илм-фан натижалари, олимларнинг илмий хулоса ва таклифларидан унумли фойдаланиш, қонун ҳужжатларини яратишнинг институционал тизимини йўлга қўйиш лозим.
Амалдаги қонунчиликни хатловдан ўтказиш, умумлаштириш, кодексларга жамлашга кенг йўл бериш, қонун ҳужжатларини ижро қилиш механизмларини янада ривожлантириш, уларни жамоатчиликка ўз вақтида етказишда замонавий ахборот коммуникацияларини жорий қилиш, мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларини шарҳлаш, талқин қилиш қобилияти ва бир хилда қўллай олиш кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш ижобий натижа ва самара бериши мумкин.
Президентимиз муҳим ислоҳотларнинг ташаббускори сифатида сўнгги пайтларда қонун устуворлигига эришишда мансабдор шахсларнинг бошқарув қобилиятини ривожлантириш, қўл остида ишлаётган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказмаслик, ходимларнинг ишчанлик қобилиятини ривожлантириш ва ҳар томонлама рағбатлантириш ҳақида огоҳлантираётгани ҳам бежизга эмас.
Бугунги кунда “давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг халққа хизмат қилиши” асосий бошқарув принципига айланяпти. Қонун устворлигини таъминлашнинг асосий шартларидан яна бири - фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартибларини такомиллаштиришдан иборат. Мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифаларини нотўғри бажариши, ваколатидан четга чиқиши, масъулиятсизлиги, бюрократияга асосланиш, қоғозбозлик, мажлисбозлик каби замондан орқада қолган бошқарув принциплари қонун устуворлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатадиган омиллар ҳисобланади.
Қонунчилик жараёнига янги “Тартибга солиш гильотинаси” тушунчаси кириб келди. Унга кўра, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқиш орқали уларни саралаш, тасдиқлаш, ўзгартириш ёки бекор қилинади. Юридик таъсири паст ҳисобланган ҳар қандай тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни максимал даражада соддалаштириш “тартибга солиш гильотинаси”нинг асосий тамойилларидан ҳисобланади. Шунга кўра, қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш орқали, уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан уйғунлаштириш мақсадида давлат органларида эскирган, бюрократик ғов яратаётган қонун ҳужжатлари уни қабул қилган идораларнинг ўзи томонидан бекор қилинмоқда.
2021 йил 1 июндан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларини бекор қилиш йўлга қўйилди, қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига киритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни базага автоматик тарзда жойлаштириш механизмини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш” ғояси нафақат давлат бошқарувини тўғри ташкил этишга, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш, одамларда келажакка ишонч ҳиссини кучайтириш, демократик қадриятларни кенг жорий этиш, давлат ва жамият бошқарувида ҳар бир кишининг иштирок этишига имкон яратиш, муаммолар ечимини кўрсатиб берадиган қонун ҳужжатларини қабул қилиш, ҳуқуқий давлат пойдеворини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимиз ўз зиммасига олган халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларини виждонан бажариши ва унинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Гулнора ХУДАЙБЕРДИЕВА,
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.