Қўпорилган кўчалар, анқиётган чиқинди ҳиди ва ишламаётган лифтлар: Қорасув эътибордан четда қолдими?
Сўнгги вақтларда Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида яшовчи фуқаролардан мурожаатлар сони кўпайиб бормоқда.
Массив ҳудудида Баҳодир Ялангтўш, Обод маскан, Шодиёна ҳамда Қорасув маҳаллалари бўлиб, 47 та кўп қаватли уйда 13 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Шаҳарчага кириб келарканмиз, рўпарамиздан чиққан онахон билан уларни қийнаётган муаммолар ҳақида суҳбатлашдик.
- Нимасини сўрайсиз, гапирсам гап кўп, - дейди Луиза опа. – Икки йилдан буён шу ерда яшаймиз. Янги пайтда ҳаммаси бинойидек эди. Бироқ мана, вақт ўтиши билан қаровсиз қолди. Янги бошқарув компанияси тузилганида бизга аъзо бўлинглар, барча ишлар Европадаги уйлардагидек бўлади, дейишди. Бутун уйимиз билан аъзо бўлдик. Фаррошлар лифт, эшик-дераза ва зинапояларни ювиб, тозалаб кетишарди. Кейинчалик эса ювишга эриниб, фақат кириш эшик ва лифтларни тозалайдиган бўлди. Айрим кунлари шу ишларни ҳам қилмай қўйишяпти. Кечаси невараларим билан кечки сайрга чиқишга қўрқаман. Уйлар орасидаги йўллар жуда тор. Машина кўплигидан «стоянка» етишмайди. Натижада йўлак, йўл ёқаларига қўйиб кетишади. Яқинда йўлга сиғмаган бир юк машинаси йўл ёқасида турган енгил машинани туртиб кетди. Дам олиш учун ўтирғичлар етишмайди, борларини ҳам синдириб кетишган. Яшил майдондаги чимлар орасида бегона ўтлар ўсиб ётибди. Бу вазифаларни ўз зиммасига олган “Нур Шарқ Тесс” бошқарув сервис компаниясининг фаолияти сезилмайди. Ишонмасангиз, мана, ўзингиз кўринг.
Шаҳарчада намунали кўча йўқ
Дарҳақиқат, уйларнинг атрофида бегона ўтлар ўсиб ётибди. Ариқ ва лотоклар ичида маиший чиқиндилар уюмини кўрасиз.
Массивнинг Қорадарё билан кесишган ҳудудига яқинлашиб бўлмайди. Бадбўй ҳиддан бош айланади. Маҳалла ичидаги чиқинди қутилари тўлиб қолгач, қурилиш ва маиший чиқиндилар йўл ёқасига ташлаб кетилганига гувоҳ бўласиз. Икки йил илгари ётқизилган асфальт чўкиб кетганлиги сабабли кўчалар ўнқир-чўнқир.
- Тан олиш керак, шаҳарчада бирорта ҳам намунали кўчани кўрмайсиз, - дейди Шодиёна маҳалласи раиси Илёс Абдуҳакимов. – Чунки қаҳратон қишдаги совуқда кўчаларимиздаги бетон қопламалар музлаб, қўпорилиб кетди. Маҳалладаги мини стадион қурилганидан буён чим қоплангани йўқ. Бир неча бор “Нур Шарқ Тесс” бошқарув сервис компанияси раҳбарларига мурожаат билан чиқдик, аммо натижа бўлмаяпти. 109, 110, 117-кўп қаватли уйда яшовчилар чиқинди қутилари етишмаслиги сабабли чиқинди учун тўлов қилишни хоҳламаяпти. Юздан зиёд хонадондан чиққан чиқиндилардан шу ердаги ягона қути тўлиб, ёнидаги ариққа тушиб боряпти. Чиқинди қути етишмайди.
- Қорасув массивининг 111, 112, 113-уйлари атрофидаги бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди, - дейди Д.Ҳотамова. – Уйимизга яқин жойда товуқхоналар бор. Кўчиб келган пайтимизда яқин вақт ичида улар бошқа жойга кўчирилиши айтилганди. Мана, икки йилдан бери бу иш амалга оширилгани йўқ. Теварак-атрофни дайди итлар босиб кетган. Ёғин-сочин кунларда ариқлар тошиб кетади. Чунки ирригация тизимлари нотўғри қурилган. Улкан юк машиналари кўчадан ўтиб қолса, шовқини асабингизни бузса, кўтарилган чанг-тўзондан нафас олиб бўлмай қолади.
Шаҳарчадаги иккита фаввора бу йил ишлагани йўқ. Айтишларича, ўтган йили ишдан чиққан сув насослари ҳали жойига ўрнатилмаган экан. Фавворалар атрофидаги юздан зиёд тунги чироқларнинг ярми ёнмайди, ярмининг чироқлари цинган ёки ўғирлаб кетилган.
Ҳар қандай ҳудуд ҳам қаровсиз, эътиборсиз қолдирилса, кўп ўтмасдан чиқиндихонага айланиб қолишини ободонлаштиришга масъул бўлган “Нур Шарқ Тесс” бошқарув сервис компанияси мутасаддилари ҳам яхши билишадику!
Лифт муаммосига ечим борми?
- Кейинги вақтларда шаҳарчадаги айрим кўп қаватли уйларнинг лифтлари ишламаётганлиги ҳақида мурожаатлар бўляпти, - дейди Самарқанд шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси Ҳусниддин Шодиев. – Бошқарув сервис компанияси мутахассислари билан биргаликда фаолият кўрсатмаётган лифтларни ўрганиб чиқдик. Маълум бўлишича, уларнинг баъзиларида юк кўтариш тизимида носозликлар бўлса, иккитасида марказий узатиш қисми ишдан чиққанлиги аниқланди. Имконият даражасида носозликларни тузатишга ҳаракат қиляпмиз. Аммо баъзиларининг эҳтиёт қисмлари юртимизда ишлаб чиқарилмаганлиги туфайли уларни Хитойдан олиб келишга мажбур бўляпмиз.
Бир пайтлар 72-кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар бошқарув сервис компаниясининг хизматларидан норози бўлиб, вилоят уй-жой ва коммунал хизматлар бошқармаси бошлиғига мурожаат қилишган эди. Улар компаниянинг уй атрофини ободонлаштириш, 2 та лифт, йўлак ва зинапояларнинг тозалигини таъминлаймиз, деган ваъдаларига ишониб, аъзо бўлишган эди. Бироқ бу ишлар амалга оширилмагач, ўз ихтиёрлари билан навбатчилик ташкил этиб, компания хизматидан воз кечишга қарор қилишганди.
Компания вакиллари келиб, бизларга қарздорлик ҳақида огоҳлантирувчи хат берганида эътироз билдирдик, - дейди Б.Жабборов. – Чунки лифтларимиз бирда ишлаб, бирда ишламасди. Юк лифтимиз ҳатто 40 кунгача ишламай турди. Тозалаш ишлари амалга оширилмади, ободонлаштириш ишлари ўлда-жўлда қолди, чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаганлигидан мутасаддиларга мурожаат қилган эдик. Уйнинг пойдевори дарз кетганидан ёғингарчилик вақтида ертўлага сув оқиб туша бошлади. Ҳатто ўтларни суғорганда ҳам сув кириб кетади.
Хуллас, 72-уйда яшовчи аҳоли бошқарув сервис компания хизматидан воз кечиб, барча хизматларни ўзлари амалга оширишга келишиб олишганди. Аммо уларнинг орзуси амалга ошмади. Бошқарма ва “Нур Шарқ Тесс” бошқарув сервис компанияси уйнинг ажралиб чиқишига рози бўлмади. Улар томонидан ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи алоҳида фаррош ва боғбон бириктириб берилди.
- Дастлабки кунлар фаррош кириш эшиклари, зинапоялар ва лифтни тозалаш билан, боғбон эса газонларни суғориш билан шуғуллана бошлади, - дейди шу уйда яшовчи Ҳ.Саломов. - Аммо орадан кўп ўтмасдан, яна ишлар номига қилинадиган бўлиб қолди. Ишидан норози бўлиб, яна бир неча жойларга мурожаат қилдик. Бошқарув сервис компанияси бошлиғи билан учрашолмаймиз, қачон сўраб борсак, йўқ бўлади. Бажарилмаган ишлар учун тўловларни амалга оширишимизни талаб қиляпти. Бизларни ноҳақдан қарздор қилиб қўйишган.
П/С. Мақола чоп этилаётганда Қорасув шаҳарчасида ободонлаштириш ишлари бошлангани ҳақида хабар олдик. Маълум бўлишича, “Нур Шарқ Тесс” бошқарув сервис компанияси раҳбарлигига Икром Раҳимов тайинланибди. Компания ишчилари сони ҳам 30 нафардан 50 нафарга оширилибди.
- Икки ойдан буён ободонлаштириш ишлари деярли амалга оширилмай келаётган эди, - дейди бошқарув сервис компаниясининг янги раҳбари Икром Раҳимов. – Бугунги кунга келиб иккита фавворанинг носоз ускуналари алмаштирилиб, улар ишга туширилди. Майдонга қўшимча 10 та ўриндиқ ўрнатилди. 600 метр электр сим тортилиб, ишдан чиққан 70 та тунги чироқ алмаштирилди. Қўшимча 5 та кузатув камералари, 10 та замонавий бекат ўрнатиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Шодиёна маҳалласидаги мини стадион ҳам бир ҳафта ичида чим билан қопланади. 109-кўп қаватли уйнинг орқасида чиқинди шохобчаси қуриш ишлари бошланди. Хуллас, бир ой ичида шаҳарчадаги барча ободонлаштириш ишлари якунига етказилади.
Бизнинг ҳам янги раҳбар берган ваъдаларга ишонгимиз келади. Чунки Қорасувда қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Уни амалга ошириш эса катта куч ва маблағ талаб қилади. Бу ишлар Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларнинг қатъий назорати остида бажарилсагина, қорасувликларнинг ишончини қозониш мумкин. Bo‘lmasa...
Биз бу мавзуга яна қайтамиз.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.
Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.