Қора чизиқ: “Жиноятчи эмасман”
Нодирбек ўғирлик бўйича жуда катта тажрибага эга болалардан бири. Интернатдан қочиб чиқса бўлди, уни топиб келгунимизча кимнидир “шўри қурийди”. Моҳир ва ўзидан из қолдирмайдиган ўғри. Асли фарғоналик. 7-синфда ўқийди. Бугун у билан суҳбатимиз узоқ чўзилди. Туғриси, биз вақтимизни бир-биримиз билан мулоқот қилиш ўрнига кўпроқ сукут сақлашга сарфладик. У тинимсиз йиғлар, йиғлаганда ҳам ҳунграб, пиқиллаб эмас, жимгина кўзёш тўкарди. Гоҳида ёноқларидан оқиб тушаётган томчиларни жиловлай олмас, кафтлари, баъзида енги билан тез-тез артар, йиғисини тўхтата олмаётганидан асаблари таранг тортиб борарди. Мен эса унга тўйиб-тўйиб йиғлаши учун атайлаб имкон берардим. Бир тўхтаб, бир йиғлаб гапирар экан, аста-секин кўнглини анча бўшатди. Ўзи бетартиб, ялқов ўғри, лекин ичи тўла дард. Бу дарддан, юрагини кемираётган қандайдир ёмон ҳислардан озод қилиш учун унга меҳр керак.
- Сен яхши йигитсан, - дейман унга сочини силаб. Бу сўзимдан у менга ялт этиб қарайди. Ўзига берилаётган бундай баҳодан ғурур ҳиссини сеза бошлайди.
- Домлажон, мени бирон бир панжараси бор хонага ўн-ўн беш кун қамаб қўйинг, - дейди кўзини ердан узмай. - Чунки бу ерга келганимга икки ҳафта бўлган бўлса-да, урганолмаяпман. Эски ҳаётимни қумсаяпман, онамни соғинаяпман. Бу ерга кўникишим, ҳаммасини эсдан чиқаришим учун шундай қилинг.
- Ундай қилолмайман, болам, - дейман уни янаям маҳкамроқ қучоқлаб.
У эса буни хоҳламаса ҳам ўзини тута олмаслигини, интернатдан яна қочиб чиқиши, ўғирликка қўл уриши, бу билан мени уялтириб қўйиши мумкинлигини битта-битта гапира бошлайди.
Унинг бундай қилмаслиги учун ўзини қўлга олиши, мен ҳам қараб турмаслигим, яхши бола бўлиши учун биргаликда курашишимиз лозимлигини таъкидлайман. Йўл-йўлакай кўнглига қўл солиб кўрмоқчи бўламан.
- Ўғирлик қилсанг сени қамаб қўйишларидан қўрқмайсанми?
- Йўқ.
- Нега?
- Чунки мени қамашолмайди. Вояга етмаганман. Неча маротаба ўғирлик қилсам ҳам қамашмади. Охир-оқибат шу интернатга келдим. Яна бир гап, қўрққан одам ўғирлик қилолмайди. Қўрқмаслик керак.
- Ўғирликни қандай амалга оширасан, уйнинг эгаси кўриб қолмайдими?
- Аввал ҳовлини яхшилаб кузатаман. Деворидан ошириб ичкарига тош отаман. Шундан сўнг ўзимни панага оламан. Ичкарида одам бўлса, ташқарига чиқиб қарайди. Чиқмаса, демак, ҳеч ким йўқ. Кейин эса икки ён қўшнилар ҳовлиси ҳам эътиборимдан четда қолмайди...
Шундан кейин таклифимга кўра, хонамга ўқитувчилардан бири кириб келади.
- Нодирбекни кийинтирасиз, шаҳарга олиб чиқиб айлантирасиз, - дейман унга. - Музейга олиб киринг, тарихий обидаларни кўрсатинг, музқаймоқ олиб беринг. Кўнглининг чигали бироз ёзилсин.
Улар чиқиб кетишади. Ўйлайман, Нодирбекнинг мана шу интернатгача келишига ким айбдор? Унинг ўзими, дўстларими ёки у ўсиб-улғайган муҳитми? Балки, энг катта айб ота-онаси ва ўқитувчиларидадир. У билан қилган узоқ суҳбатим давомида ана шу саволларга жавоб излай бошладим.
- Ўғирлик билан амакимнинг ўғли иккаламиз шуғулланганмиз, - дейди Нодирбек. - Аввал қўшнимизнинг уйини тунадик. Пулни иккига бўлиб, туман марказидаги боғда маза қилиб сарфладик. Едик, ичдик, эртасига кутдик - энди нима бўларкин, деб. Ҳеч нарса бўлмади. Қўшнимизникида ҳам, уйимизда ҳам, мактабда ҳам жим-житлик. Беш юз минг сўм пул ўғирланганимиз ҳақидаги гапнинг саси умуман чиқмади. Ота-онамиз ҳам, мактаб ўқитувчиларимиз ҳам туман марказига нега борувдиларинг, қандай қилиб бордиларинг, бориб нима иш билан шуғулландиларинг, деган саволни беришмади. Аста-секинлик билан биз яна боққа боришни, еб-ичишни қумсай бошладик. Бунинг учун пул кераклиги, уни фақат ўғирлик йўли билан қўлга киритишимиз мумкинлигини яхши тушинардик. Амакиваччам билан келишиб қўшни маҳалладаги хонадонлардан бирига “ҳужум” бошладик.
- Тўғри келган хонадонга кирасизларми? - сўрайман ундан. У секин мийиғида кулиб қўяди. Бу шунчаки оддий кулиш эмас. Содда одамнинг содда саволи устидан кулиш эди.
- Йўқ, олдин вазиятни ўрганамиз. Кузатамиз. Уйда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилсак, кейин ичкарига кирамиз. Шундай қилиб, иккинчи марта ҳам “овимиз” бароридан келди. Яна еб-ичдик, ўзимизга у-бу нарса харид қилдик. Бу сафар ўша маҳаллада ўғирлик бўлганлиги тўғрисида гап-сўзлар тарқалди. Лекин биздан ҳеч ким гумон қилмади. Ҳатто магазиндан харид қилган буюмларимизни қаердан олганлигимиз билан уйдагиларимиз қизиқишмади ҳам. Мактабда эса ўқитувчиларимиз нега дарсга келмаганлигимизни сўрашар, “иккинчи бундай қилмагин, дарсларга қатнашгин”, деган гаплар билан чегараланишар эди. “Бундан буён дарс қолдирма, тушундингми”, дейишса, ҳа дердим. Аслида ҳеч нарсани тушунишни истамасдим.
Орадан уч-тўрт кун ўтгач, учинчи, сал кейинроқ тўртинчи ўғирликка қўл урдик. Бизни тутиб олишган, муҳокама қилишган пайтлари ҳам бўлди. Энди биз бу йўлдан қайтишни мутлақо ўйламасдик. Яна ва яна давом эттира бошладик. Охир-оқибат ички ишлар ходимлари мени бу ерга, аммакиваччамни Сирдарёга жўнатишди.
- Отанг вафот этган бўлса, ёлғиз онангнинг қўлида қолган бўлсанг, шу онангнинг панд-насиҳатларига қулоқ солиб юрсанг бўлмайдими, - сўрайман ундан.
Нодирбек яна кулимсирайди. Қандайдир сирни ошкор қилиш, қилмаслик тўғрисида оғиз жуфтлайди. Лекин айтолмайди. Мен буни сезганим учун ҳам дилидагини билиш учун “эзмалик” қилишда давом этаман. Ниҳоят у “ёрилади”.
- Биласизми, домла, онамнинг ўзи ўғри. Биз биргаликда жуда кўп ўғирлик қилганмиз. Қўни-қўшниникига ўтсак, бирор-бир нарсани қўлтиғига тиқиб чиқишини кўп кўрганман. Кейинчалик мени ва акамни ташлаб, қўшни қишлоққа турмушга чиқиб кетди. Бобомнинг қўлида қолдик. Ҳозир ҳам онам билан борди-келдини узганимиз йўқ. Лекин акам иккимизни ташлаб, турмушга чиқиб кетгани ёқмайди. Мени ўғирликка ургатиб ўзи “қочиб кетди”.
Кейинчалик бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Нодирбекнинг онаси ўғлини кўриш учун интернатга келди. Кабинетимда суҳбатлашдик. Кўзи “олма териши”ни, у ёқдан бу ёққа тез-тез қарашини сездим. Шумлигим тутди. “Меҳмон”ни ёлғиз қолдириб ташқарига чиқдим. У хонамда видеокамера борлигини тасаввур ҳам қилмаган эди. Бироздан сўнг қадрдон видеокамерам шубҳаларим тўғри эканлигини, мен чиқиб кетганда аёл жойидан туриб столим тортмасини тортиб кўрганлигини, титганлигини, қоғоздан бўлак ҳеч нарса тополмагач, секин ёпиб қўйганлигини “айтиб берди”...
Абдуҳалим МЕЛИЕВ.