Қора денгиз бўйлаб 30 километр сузиб ўтган йигит қиссаси
Замонавий авлод учун СССР темир пардасидан чиқа олиш деярли мумкин бўлмаганлиги, бу қилмиш ватанга хиёнат билан тенглаштирилгани ва ватан хоини деб топилганини тасаввур қилиш қийин бўлса керак. Бироқ ҳар қандай норозиликларни бостириб қўйиш учун мўлжалланган тоталитар тузумга қарши чиқадиганлар ҳам топилган.
Тузумдан ҳафсаласи пир бўлган ва 1962 йилда ўз ватанидан қочиб кетганлардан бири Пётр Патрушев эди.
У 1942 йилда Томск вилоятида дунёга келди. 1956 йилда Пётр Томск шаҳридаги техникумга ўқишга кирди. Айнан шу ерда у сузиш, тиббиёт, психологияга оид китобларни ўқиш ва чет тилини ўрганишга қизиқа бошлади. Спортда ажойиб натижаларга эришиб, техникумни тугатган Пётрнинг номзоди 1964 йилги Токио олимпиадасига сузиш бўйича терма жамоага киритиш учун кўриб чиқилаётган пайтда у 1960 йилда армияга чақирилди.
Иқтидорли спортчи сифатида у Новосибирск армияси спорт клубида хизмат қилди ва сузиш билан фаол шуғулланди. Дастлаб хизмат муваффақиятли ўтаётган эди, лекин у ва унинг мураббийига қарши чиққан собиқ КГБ зобити (Бериянинг қуролдоши сифатида юқори лавозимдан туширилган ва Томскка сургун қилинган) Школьник фамилияли шахс пайдо бўлиши билан ҳамма нарса ўзгарди.
Бу одамнинг Новосибирск шаҳар КГБсига қилган қўнғироғи Пётрни спорт бўлинмасидан оддий бўлинмага ўтказиш учун етарли бўлди. У ерда Пётр ўша даврдаги кўплаб ҳарбий хизматчилар сингари қаттиқ тазйиқларга дуч кела бошлади.
Ёши катта аскарлар билан ўзи ва сафдошларини хўрланишдан ҳимоя қилиб очиқ тўқнашувга киришган аскар қаттиқ калтакланди ва агар у тан бермаса, майиб қилиниши ёки ўлдирилиши билан таҳдид қилинди.
Ҳаёти хавф остида қолган Пётр руҳий парокандаликни кўрсатишга қарор қилди, натижада у Томск шаҳар руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди. Даволаниш бошланишини кутмасдан, у ушбу муассасадан қочиб, мураббийи Генрих Булакин уйида яширинди.
Клиника шифокорлари бу воқеани ошкор қилмаслик ниятида қочоқни акасининг қарамоғига ўтказиб беришди. Бироқ Пётр энди уни тинч қўймасликларини, у ҳеч қандай муваффақиятга эриша олмаслигини тушуниб олган эди. Шунда у мамлакатдан қочиб кетишга қарор қилди ва жуда ғайриоддий йўлни танлади.
У сузиш орқали қочишга ҳаракат қилди ва мақсадига эришиш учун кўзга ташланмасдан Туркия билан 15 километр узоқликдаги чегарадош Грузиянинг Батуми шаҳри соҳилига келди. Гарчи кўпчилик ушбу йўл билан қочиб кетишга ҳаракат қилган бўлса-да, улар чегарачилар томонидан қўлга олинган, тўр тўсиқларга чигаллашиб қолган ёки чарчаб Қора денгиз сувларига ғарқ бўлиб, орзу қилган қирғоққа етиб бора олмаган эди.
Барча тўсиқлар ва назорат пунктларини четлаб ўтадиган, тахминан 30 километрни ташкил этган маршрутни тузиб, 1962 йил 15 июнида қуёш ботган пайтда Пётр Батуми шаҳри қирғоқлари яқинидаги сувга кирди.
Сузиш жуда қийин кечди. Оёқларида ласта ва фақат сузиш кийими кийган Пётр чегара прожекторлари, қуруқлик хизматлари, ҳудудларни қўриқлайдиган катерлардан яшириниб, бир неча марта Қора денгизнинг қаърига шўнғиди ва жуда кўп кучини йўқотди, сўнг очиқ денгизда чалқанча ётиб дам олиб, куч тўплаб суза бошлади.
Орзу қилинган қирғоққа етиб борган Патрушев маҳаллий чегарачилар томонидан қўлга олинди. Улар унинг шунчалик катта масофани сузишга қодир эканлигига ва ўз ватани чегарачилари томонидан ушланмасдан сузиб чиққанлигига ишонмади.
Туркия ҳукумати Патрушевни КГБ билан алоқада бўлганликда гумон қилганлиги сабаб Пётр бир йилдан ортиқ вақт давомида қамоқда ўтирган. СССРда эса унинг қочиб кетгани аниқлангач, унга қарши жиноий иш очилди ва ватанга хоинликда айбланиб, сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинди.
1964 йилда Туркия ҳукумати Патрушевни қўйиб юборгач, у Австралияга кўчиб ўтди ва 1968 йилда шу давлат фуқаролигини олди. Пётр Егорович Патрушев кейинчалик ажойиб журналист ва зўр таржимон бўлиб етишди, “Отиб ўлдиришга ҳукм қилинган” биографик китобини ёзади.
Пётр 2016 йил 28 март куни Австралияда 73 ёшида вафот этди. Умрининг сўнгги йилларини у Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс штатида рафиқаси ва ўғли билан ўтказди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.