Қўшработда қўпол муомалада бўлган банк ходимига нисбатан тегишли интизомий жазо чораси қўлланилади
“Facebook” ижтимоий тармоғида Тошкент давлат юридик университети талабасининг таълим кредитини олишда дуч келган муаммоларига доир ёзма мурожаати эълон қилинди.
Материалда қайд этилишича, фуқаро Халқ банкининг Қўшработ тумани филиалига таълим кредити олиш учун мурожаат қилган. Гарчи, мазкур филиал раҳбари масалани ижобий ечиш учун тегишли ходимига кўрсатма берган бўлса-да, мутахассис кредит ажратилишини пайсалга солиб, фуқарога нисбатан қўпол муомалада бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижасида қуйидагилар аниқланди.
Айни пайтда ушбу мурожаат банкнинг Самарқанд вилояти филиали томонидан алоҳида назоратга олинган. Фуқарога таълим кредити олиш учун банкнинг Қўшработ филиалига ариза билан мурожаат қилиши ва унинг масаласи қисқа муддатда ижобий ҳал этилиши юзасидан тушунтириш берилган.
Халқ банки ушбу ҳолат учун мижоздан узр сўраб, унга қўпол муомалада бўлган ходимга нисбатан тегишли интизомий жазо чораси қўлланилишини маълум қилади.