Қрим-конго гeморрагик иситма вирусига қарши қандай курашиляпти?

Бу касалликнинг аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг март ойидан бошлаб барча шаҳар ва туманларда “Аҳоли ўртасида Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги тарқалишининг олдини олишда Фавқулодда вазиятлар Давлат тизими хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида кўргазмали махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.

Мазкур тадбирлар вилоят фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, ободонлаштириш бошқармалари ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда олиб борилди.

Ўқув машқи уч босқичда ўтказилди.

Биринчи босқичда ФВДқТ хизматларининг шахсий таркиби ва уларга бириктирилган асбоб-анжомларининг шайлигини текшириш мақсадида саф кўриги бўлиб ўтди ва уларнинг зарурий шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги кўздан кечирилди.

Иккинчи босқич – назарий қисмда, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳамда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари мутахассислари томонидан Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги ҳақидаги ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғининг вилоятдаги давлат тизими хизматларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти бўйича маърузалари тингланди ҳамда маърузалар юзасидан савол-жавоблар, қўшимча фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Учинчи босқич – амалий қисмда, машқ сценарийси асосида қўшни вилоятдан кана чақишидан жабрланган фуқаро туман тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий шифокорлик пунктининг патронаж ҳамшираси томонидан фаол аниқланиб, тиббиёт бирлашмаси томонидан тегишли хизматларга хабар берилди ва жабрланган фуқаро алоҳида изолятор хонасига олиниб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.

Ушбу ҳолатларда мувофиқлаштирувчи ва ҳаракат қилувчи тегишли хизматлар келганидан сўнг, қўшни вилоятнинг тегишли хизматларига белгиланган тартибда шошилинч хабарнома жўнатилиши, бемор билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш, изоляция қилиш, ҳудуднинг тахминий харитаси тузилган ҳолда, шу ҳудудда бўлган бошқа ҳайвонларни рўйхатга олиш, Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигига қарши эмлаш, паспортлаштириш, аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларини ташкил этиш жараёнлари амалда бажариб кўрсатилди.

Шунингдек, тадбир давомида 2145 нафар шахсий таркиб, 135 та махсус техника жалб қилиниб, 37 минг 635 дона мавзуга оид эслатма ва буклетлар тарқатилди.

Шавкат Қаюмов,
вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик муҳофазани ташкил этиш бўлими мутахассиси.