Қуллик мавжуд бўлган мамлакатлар 

“Free the Slaves” ташкилоти маълумотларига кўра, замонавий дунёда 27 миллионга яқин одам қуллик ҳолатида яшайди  ва бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Аксарият одамлар қулликни мутлақ ваҳшийлик деб ҳисобласа-да, ҳозирги кунда дунёда қуллик норма ҳисобланган давлатлар ҳам бор. Албатта, уларда қуллик қонун билан мустаҳкамланмаган, бироқ асрлар давомида “қул-хўжайин” муносабатлари анъанавий турмуш тарзи сифатида давом этиб келинади. Бугунги мақоламизда ана шу давлатлар ҳақида сўз юритилади.

Мавритания

Ҳудудининг 60 фоизи оғир саҳро қумлари билан қопланган, қолган қаттиқ қизил тошли замини эса ҳаёт учун яроқсиз. Бу мамлакатда қуллик 1981 йилда бекор қилинган, лекин фақат қоғозда, аслида ҳаммаси асрлар давомида аввалгидек сақланиб қолинган.

Жамият жуда табақалашган ва “Хуратин” камбағал туб аҳолиси авлодлари анъанавий равишда оқ мавр – Ҳасан арабларга қул бўлиб келган. Ҳар бир араб оиласи бир неча (ҳатто уларнинг болалари ҳам қул бўлиб, ота-оналарига эмас, хўжайинларига тегишли) афромавр оилаларига эгалик қилади.

Қулларга деҳқончиликдан тортиб, уйда хизмат қилишгача турли ишлар тайинланади. Улар ҳеч қандай пулни кўрмайди, баъзилари ҳатто пул нималиги ва дунёда одамлар ўртасида “қул-хўжайин” муносабатидан ташқари бошқа муносабат борлиги ҳақида хабари ҳам йўқ.

Гаити

Аслида Гаитида қуллик йўқ, лекин бутун дунё бўйлаб қулликнинг глобал индексини ҳисоблайдиган “Global slavery index” сайти Гаити Мавританиядан кейинги иккинчи ўринда туришини аниқлади. Одамлар ихтиёрий равишда қулликка рози бўлишади, чунки бу энг қашшоқ мамлакатда очликдан ўлмасликнинг ягона йўли.

Айниқса, Гаитида болалар қуллиги кенг тарқалган. Оилаларда болалар сони баъзан ўнтагача етадиган даромади ва рўзғор етишмовчилиги ота-оналарни ўз фарзандларини бегона жойларга юборишга мажбур қилади.

Гаити қонунларига кўра, вояга етган ҳар қандай хизматчига иш ҳақи тўланиши керак. Шу сабабли  жаноблар 16 ёшга тўлган ўсмирларни кўчага қўйиб юборишади, кўп ҳолларда улар уйсиз болалар армиясига қўшилади ёки ўз ҳаётини гаровга қўйиб, озиқ-овқат ёки кийим-кечак топиш умидида ихтиёрий равишда қул бозорларига боришади.

Покистон

Покистонлик қуллар нима қилишади? Қоида тариқасида улар кўплаб ибтидоий усулда ташкил этилган ғишт заводларида ишлайди. Бундан ташқари, у ерда нафақат эракаклар, балки аёллар, болалар ва ҳатто “азалий қуллар”нинг бутун оилалари ҳам ишлайди.

Албатта, бу ҳанузгача қуллик сақланиб қолинган давлатларнинг ҳаммаси эмас. Мисол учун, Ҳиндистонда 15 миллионга яқин қул бор – уларнинг барчаси бой қариндошларига хизмат қилади ва бутун умри давомида ҳеч қачон қўлида пул ушлаб кўрмайди. Бразилияда эса у ердан қочишнинг иложи бўлмаган Амазониянинг зич ўрмонларида жойлаштирилган металлургия эҳтиёжлари учун лозим ёғочни куйдириб, кўмир тайёрлаб берувчи қуллар бор.

***

Қуллик аксарият замонавий қуллар учун мажбурият ҳам, зарурат ҳам эмас, балки ўзлари ўрганиб қолган ва ҳеч нарсани ўзгартиришни хоҳламайдиган ҳаётнинг бир қисмига айланиб қолган экан, қандай қилиб ҳамма нарсани ўзгартириш мумкин? Дунёда қулликка қарши кураш давом этишига қарамай, яқин келажакда бу борадаги муаммоларнинг яхши томонга ҳал этилиши даргумон.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.