Раҳбарлар ўқиди, малака оширди, гап энди унинг натижасида

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 10-29 май кунлари туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларининг бош мутахассислари, шунингдек, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияси масъул котиблари учун 60 соатга мўлжалланган малака ошириш курслари ташкил этилди.

Таъкидлаш лозимки, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали давлат фуқаролик хизматчиларининг 2018-2020 йилларда малака ошириш кўрсаткичларини таҳлил қилгач, кўрсаткичлар жуда пастлиги аниқланган. Жумладан, 2018 йилда Самарқанд вилояти ва туман (шаҳар) ҳокимликлари 426 нафар раҳбар ҳамда ходимлардан 6 нафари (1,4 фоиз), 2019 йилда 447 нафар ходимдан 49 нафари (11 фоиз) ҳамда 2020 йилда 443 нафар ходимдан 32 нафари (7,2 фоиз) малака ошириш курсларида ўқиган, холос. Қолаверса, малака ошириш курсларининг аксарияти ҳокимлик раҳбар ва ходимларининг айнан соҳавий билимларини ривожлантиришга қаратилмаган, ҳокимликларнинг ўрта бўғин раҳбарлари асосан Давлат бошқарув академияси ҳамда унинг ҳудудий филиалида “Замонавий бошқарув”, “Бошқарув маҳорати” курсларида, қуйи бўғин ходимлари эса сайлов қонунчилиги, давлат тилида иш юритиш каби йўналишларда малака оширган.

Жорий йилнинг малака ошириш кўрсаткичлари таҳлил қилинганда апрель-май ойлари давомида вилоят бўйича жами 61 нафар ўрта бўғин раҳбарлари ҳамда 102 нафар қуйи бўғин ходимлари, жами 163 нафар (36 фоиз) давлат фуқаролик хизматчисининг малакаси оширилди.

Ушбу ўқув машғулотларининг иккинчи ойи давомида иштирок этган 102 нафар тингловчиларнинг нафақат назарий, балки ишлаб чиқариш обьектларига ташриф буюрган ҳолда амалий билимлари, шунингдек, касбий ва шахсий компетенциялари ҳам ривожлантирилди.