Рақамлаштириш ҳужжатнинг сақлаш сифати ва муддатини узайтиради

“Ўзархив” агентлиги ва вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан давлат архивларида амалга оширилаётган ишлар ва иш юритиш ҳолати билан таништириш бўйича Паст Дарғом ва Самарқанд туманига пресс-тур ташкил этилди.

- Архив ҳужжатларини рақамлаштириш орқали уларнинг узоқ вақт сақланишига эришилади, - дейди “Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев. -  Хусусан, ўтган йил Самарқандда қоғоз асосидаги ўта қимматли ҳужжатларни аниқлаш ва уларнинг электрон нусхаларини яратиш ишларини олиб боришда архивларда хужжатлардан 3587 сақлов бирлигидаги 896 минг 649 та кадрдан иборат ҳужжатларнинг электрон нусхалар яратилди. Ҳозирда бу ҳужжат нусхалари “Ўзархив” агентлиги томонидан жорий этилган e.archive.uz электрон тизимига босқичма-босқич киритилиб борилмоқда.

Журналистлар Паст Дарғом тумани давлат архивида ҳужжатлар сақланишини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар, ҳужжатларни рақамлаштириш жараёни, Миллий архив фондининг давлат каталогини юритиш ишлари, архивда ташкилотлар ҳужжатларига илмий техник ишлов бериш жараёни билан таништирилди.

- Бугунги кунда архивимизда 1926-2020 йилларни ўз ичига олган 393 та фонд мавжуд, - дейди туман давлат архиви директори Абдураззоқ Дияров. – Уларда 76 минг 782 та сақлов бирлигидан ортиқ ҳужжатлар сақланиб келинмоқда. Яқинда архив ҳужжатларини рақамлаштириш мақсадида Японияда ишлаб чиқарилган “Fujitsu ScanSnap SV600” русумли 3 дона замонавий сканер харид қилинди. Ҳозирги кунда архив томонидан 689 сақлов бирлигида 192 минг 827 кадр ҳужжатларининг электрон нусхалари яратилди.

Пресс-тур иштирокчилари Самарқанд тумани давлат архивида ҳам бўлди. Туман давлат архиви директори Дилшод Қодиров ҳужжатларни реставрация қилиш лабораторияси, ҳужжатларни таъмирлаш ва унга ишлатиладиган хомашёлар ҳамда дастгоҳлар билан ишлаш жараёни билан таништирди.

Пресс-тур якунида вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Маманазаров 2021 йилда давлат архивларида амалга оширилган ишлар ҳамда 2022 йилда белгилаб олинган режалар юзасидан ахбороти тингланди.

- Вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси тизимида  бугунги кунда 7 та давлат архиви, 1 та давлат архивининг филиали ва 12 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари томонидан архив хизматлари кўрсатиб келинмоқда, - дейди А.Маманазаров. - Бугунги кунда шаҳар ва туман  архив муассасаларидаги 12 минг 600 та фондда 1 миллион  542 минг 524 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар сақланмоқда. Шундан  асосий фаолиятга оид ҳужжатлар 890 минг 113 сақлов бирлигини, шахсий таркиб ҳужжатлари эса 646 минг 582 сақлов бирлигини, шахсий келиб чиқиш ҳужжатлари 5 минг 155 сақлов бирлигини ҳамда илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари 674 сақлов бирлигини ташкил этади. Вилоят архив муассасалари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ижросини таъминлаш бўйича ўтган йил давомида вилоят, туман ва шаҳар муассасаларида 62 минг 998 та, шундан  44 минг 557 та ижтимоий ҳуқуқий, 18 минг 441 та мавзули сўровлар келиб тушди. Сўровлар белгиланган муддатларда кўриб чиқилиб, 56 минг 294 таси ижобий ҳал этилди. 46 минг 311 нафар фуқарога вилоят архив муассасалари томонидан бепул архив хизмати кўрсатилди.