Республиканинг чекка туманларидан илк бор Қўшработда юрак операцияси амалга оширилмоқда
Айни пайтда Қўшработда вилоят кардиология маркази бош шифокори Мақсуд Саидов бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар туманда уч нафар беморда операцияни амалга оширмоқда.
- Мамлакатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотидан сўнг белгиланган вазифалар ижроси бўйича Ургут, Паст Дарғом ҳамда Қўшработ туманида аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, - дейди вилоят кардиология маркази бош шифокори ўринбосари Акмал Раҳматуллаев. - Қўшработда 1200 нафар бемор бирламчи скрининг текширувидан ўтказилди. 300 нафарида юрак қон-томир касалликлари, 57 нафари операцияга муҳтож экани, уларнинг 5 нафари кечиктириб бўлмайдиган операцияга муҳтож экани аниқланиб, шу ернинг ўзида операция жараёни амалга оширилишига келишилди. Бундан мақсад малакали тиббиётни, мураккаб операция жараёнларини туманларда ҳам ўтказиш амалиётини жорий этишдан иборат.
- Самарқандлик шифокорлар тиббий кўрик ўтказганда, қизимнинг юрагида нуқсон аниқланди, - дейди "Қувкалла" маҳалласида яшовчи Муниса Аҳмедова. - Катта қизимда ҳам ўтган йили юрагида нуқсон аниқланганди, афсуски, уни вилоят марказига олиб боришга маблағимиз йўқ эди. Бугун вилоятдан шифокорлар келиб, ҳаммасини ўзлари қилишаяпти. Дуо қилиб ўтирибман, қизларимнинг операцияси яхши ўтсин, илоҳим.
Дарвоқе, эндиликда нафақат бугунги беш нафар бемор, балки кўрикда аниқланган, юрак операциясига муҳтож барча беморларда Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмасида жарроҳлик амалга оширилади. Вилоят кардиология маркази шифокорлари ҳар шанба куни шу ҳудудда операция ўтказади. Шунингдек, қўшработлик шифокорларнинг вилоят марказида малака ошириши йўлга қўйилиб, келгусида ушбу операцияларни маҳаллий жарроҳлар амалга ошириши режалаштирилган.
Гулруҳ Мўминова.