Россия-Африка саммити: Зимбабве Россиянинг текин донидан бош тортди

Россия-Африка саммитининг биринчи куни Санкт-Петербургда ниҳоясига етди, у ерда 49 та Африка делегацияси, жумладан, 17 давлат раҳбари шимолий пойтахтга етиб келди. Таққослаш учун: 2019 йилда саммитга 43 та Африка етакчиси келган.

Меҳмонлар олдида сўзлаган Россия Президенти Владимир Путин, Москва ўтган ҳафта узган ва шу билан Украина ғалласининг Истанбул орқали экспортини тўхтатган ғалла битими муваффақиятсизлигида яна Ғарбни айблади.

Россия президенти олтита Африга давлати – Буркина-Фасо, Зимбабве, Мали, Сомали, Марказий Африка Республикаси ва Эритреяга 25 минг тоннадан 50 минг тоннагача ғаллани текин етказиб беришга ваъда берди.

Зимбабве президенти Эммерсон Мнангагва Россия президентига миннатдорчилик билдирган бўлиб, Хараре қўшимча донга муҳтож эмаслигини айтган.

Агентлик маълумотларига кўра, Владимир Путин муруввати ушбу мамлакатларга Украина ғалласини сотиб олишдан кўра ўнлаб миллион долларга қимматга тушиши мумкин: “совға” бутун озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжни қопламайди, қолганини эса ғалла битими узилган бир пайтда қиммат нархда сотиб олиш керак бўлади.

Африка Иттифоқининг таъкидлашича, Африка давлатларининг устувор йўналиши айнан ғалла битимини қайта тиклашдир, чунки "оқибати бутун дунёга, айниқса Африкага ижтимоий-иқтисодий масалаларда таъсир қилади".