Россия АҚШ ва НАТОдан хавфсизлик бўйича таклифларига жавоб олди
Қўшма Штатлар ва НАТО Россия вакилларига Москванинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларига интиқ кутилган ёзма жавобни топширди, дея хабар бермоқда euronews нашри. Вашингтон аризасига биноан, махфий музокаралар учун имконият қолдириш мақсадида бу ҳужжатлар мазмуни ошкор этилмайди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Давлат думаси ялпи мажлисида сўзлаган нутқида, агар бундай сўров келиб тушса, Россия АҚШнинг хавфсизлик кафолатлари бўйича жавобини эълон қилмаслигини айтди. Шу билан бирга, у Вашингтон реакцияси моҳияти жамоатчиликка етказилишини таъкидлади.
Қўшма Штатлар ва НАТО эса жавоблар нафақат ўзаро, балки Киев билан мувофиқлаштирилган тарзда берилганини билдиришди.
Йенс Столтенберг, НАТО Бош котиби:
"НАТО можаро ва келишмовчиликларни куч ёки куч ишлатиш таҳдиди йўли эмас, балки мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш кераклигига қатъий ишонади. Ва бугун НАТО АҚШ билан биргаликда Россияга ёзма таклифларини тақдим этди"
Энтони Блинкен, АҚШ Давлат котиби:
"Биз тақдим этган ҳужжатда АҚШ ва иттифоқчиларимиз, ҳамкорларимиз томонидан Россиянинг хавфсизликка путур етказувчи хатти-ҳаракатлари юзасидан хавотир билдирилган. Унда шунингдек, Россия томонидан билдирилган хавотирларга принципиал ва прагматик баҳо ва келишиш мумкин бўлган мавзулар бўйича таклифларимиз берилган".
Шу билан бирга НАТО Альянс жавобида “катта имтиёзлар” мавжуд эмаслигига ишора қилди.
17 декабрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва Вашингтон ва НАТОдан кутаётган хавфсизлик кафолатлари бўйича Россия келишувлари лойиҳаларини эълон қилган эди. Қўшма Штатлар ва альянс аъзолари билан икки шартнома - бошқалар қатори, НАТОни шарққа кенгайтириш, жумладан Украинани унга қабул қилишдан бош тортиш, шунингдек, жиддий қуролланишни, хусусан ядровий қуролларни жойлаштириш чекловларини рад этишни назарда тутади.
НАТО бунга жавобан ташкилотга янги аъзоларни қабул қилишни сунъий равишда чекламаслигини билдирди.