Россия Президенти В.Путинга жиноий иш очган прокурор «Ўзбеклар иши»нинг “қаҳрамонлари”ни ҳам фош қилган

Владимир Илюхин 1949 йил 1 март куни Россия Федерацияси Пенза вилоятининг Кузнецк тумани, Сосновка қишлоғида туғилган. 1971 йилда Саратовск юридик институтини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини Кузнецк ўрмон хўжалигида юк ташувчи сифатида бошлаган. Институтдаги таълим билан бир вақтда Пенза вилояти ички ишлар бўлимида терговчи бўлиб ишлаган. Кейинчалик Пенза вилояти прокуратураси тергов бўлими раҳбари ўринбосари, бўлим бошлиғи, Пенза вилояти прокурори ўринбосари лавозимларига кўтарилган.

Хизматдаги тўғрилиги, адолатлилиги ва муҳими, қонунбузарларга нисбатан муросасизлиги туфайли собиқ иттифоқ Бош прокуратурасига ишга олинган. Бу ерда тергов бош бошқармаси раҳбари ўринбосари лавозимида мамлакатнинг “қайноқ” нуқталарида фаолият юритган. Арманистон, Озарбайжон ва Грузиядаги воқеалари юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатларида махсус гуруҳга раҳбарлик қилган.

1989 йил август ойида Илюхин давлат хавфсизлиги тўғрисидаги қонунларнинг ижро этилиши назорати бошқармаси раҳбари ва СССР Бош прокурорининг катта ёрдамчиси лавозимларига тайинланди. У билан айнан шу даврда танишганмиз. Чунки мени бош прокурор ўринбосари Абрамов иттифоқ бош прокуратурасига чақиртирганди.

Илюхин раҳбарлиқ қилган тергов гуруҳида Гдлян-Иванов тергов гуруҳининг Ўзбекистондаги фаолиятини ўрганиб, “ноқонуний тергов ҳаракатларини олиб бориш” айби билан жиноий иш қўзғатилишига эришганмиз.

“Ушбу икки инсонни оломон буюк жабрдийдалар қаторига қўшиб қўйди. Бироқ улар жабрдийда эмас, буюк қонунбузувчилар”, деганди Илюхин. Бироқ иш ҳеч қандай натижасиз тугади. Аксарият ҳолларда бундай катта курашда енгилган киши “қўлини ювиб, қўлтиғига уради”, яъни ҳаммасига қўл силтаб, бир четга ўтиб кетади. Аммо Илюхин аксинча иш тутди. У СССР бош прокуратурасининг собиқ терговчилари Гдлян ва Ивановнинг юртимиздаги қонунсиз ишлари тўғрисида аниқ далилларга асосланган китобни нашр эттирди.

Жиноят ҳуқуқида жабрдийдани оқлаш билан процесс якунланмайди. Жиноятчи топилиши, эълон қилиниши ва суд қилиниши лозим.

Шу боис Илюхин “Ўзбеклар иши”нинг асосий “қаҳрамон”ларини жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ҳамкорлик қилиш, амалий ёрдам кўрсатиш бўйича бир неча марта юртимиз мутасаддилари билан учрашди. Афсуски, 1993 йиллардаги прокуратура тизими раҳбарлари Шароф Рашидов вафотидан кейин юртимизда қирғинбарот ўтказган кишиларни жазолаш чораларини пайсалга солди.

Илюхиннинг ҳақиқатпарастлиги шундаки, у ҳеч қачон шахсий манфаат учун курашмаган. Бунга 1991 йил 4 ноябрь куни Михаил Горбачёв устидан РСФСР ЖКнинг 64-моддасига (Ватан хоини) асосан жиноий иш қўзғатганини мисол қилиб келтириш мумкин. Тўғри, орадан икки кун ўтиб, Илюхин СССР прокуратурасида эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Прокуратурадан ишдан кетганидан сўнг “Правда” газетасининг ҳуқуқ бўлими бошлиғи вазифасида фаолият олиб борди.

1993 йил Россия Федерацияси Давлат думаси депутати этиб сайланди. 1994 йил январь ойида Давлат думасининг хавфсизлик масалалари қўмитаси раислигига сайланди. 2003 йилгача Давлат думасига тўрт марта депутатликка сайланган Илюхин БМТ қўмиталарига мутахассис сифатида жалб қилинган.

Илюхин Россия ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсати масалалари тўғрисидаги кўплаб мақолалар муаллифи. 2010 йилда Ельцин даврида тарихий ҳужжатларнинг оммавий қалбакилаштирилгани тўғрисидаги сенсацион маълумотлар билан чиқиш қилган. 2011 йил 10 февраль куни Умумроссия офицерлар кенгаши ҳарбий трибуналида бош айбловчи сифатида иштирок этган.

Трибунал қарорига кўра, “Владимир Путин ўзининг президентлик фаолияти давомида ватан хоини аломатлари сезилган бир қатор фаолиятларни амалга оширган”.

2011 йил 19 март куни Виктор Иванович Илюхин ўзининг Кратово қишлоғидаги дала ҳовлисида, тез ёрдам етиб келгунига қадар вафот этди.

У бир қатор китоблар муаллифи, юридик фанлари доктори, профессор, Халқаро славян фанлари академияси мухбир аъзоси, Ахборот технологиялари халқаро академияси аъзоси эди. 2009 йилда Россия Федерациясида хизмат кўрсатган юрист унвони билан тақдирланган.

Исматилла ЙЎЛДОШЕВ,

прокуратура фахрийси.