Россия яна ядровий қуролга ишора қилди

Россия президенти Федерал Мажлисга мурожаатида Россиянинг Стратегик ҳужум қуроллари бўйича шартнома (СНВ-III)да иштирокини тўхтатганини эълон қилди. Қўшма Штатлар билан тузилган ушбу келишув икки давлатнинг ядровий арсеналларини чекловчи сўнгги ҳужжат, қолаверса Москва ва Вашингтон ҳамкорлигини давом эттирган саноқли соҳалардан бири бўлиб қолганди. Экспертларнинг огоҳлантиришича, Кремлнинг қарори янги қуролланиш пойгасини авж олдириши ва ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидини келтириб чиқариши мумкин.

Путиннинг нутқидан бир неча соат ўтгач, Россия ТИВ изоҳ берди: Россия СНВ бўйича миқдорий чекловларга риоя қилишга ваъда беради ва АҚШни баллистик ракеталарнинг учирилиши ҳақида хабардор қилишни давом эттиради. Бироқ, бу ваъда мажбурий эмас.

Яқин вақтгача ядровий қурол масаласи Россия ва АҚШ ўртасидаги ёмонлашаётган муносабатлардан даҳлсиз турди: нима бўлишидан қатъи назар, бу чекловларга риоя қилиш давом этди.

Энди эса экспертлар Россиянинг шартномадан чиқиши нимани англатиши ҳақда аниқ тўхтамга келолмаяпти. СНВнинг тўхтатилиши Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар янада жиддийроқ кескинлашишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Экспертлар СНВ шартномаси тўхтатилишининг яна бир эҳтимолий оқибатларига эътибор қаратади: БМТ Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар кескинлашуви ортиб боради. Агар Россия ва Қўшма Штатлар ядро арсеналларини кўпайтирса, бу Хитойга, Хитойга қараб Ҳиндистон, Ҳиндистонга қараб Покистонга таъсир қилаверади, дейди таҳлилчилар.

Хуллас, аввал ядро қуроли кун сайин камайиши, уни чеклаш ҳақида тренд мавжуд бўлган бўлса, ҳозир бу тренд ўзгаряпти: давлатлар қурол қанчалик кўп бўлса, шунча яхши деб ҳисобламоқда".

Интернет маълумотларидан Г.Холдорова таржимаси.