Россияда 3 нафар ўзбекистонлик коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилди
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментининг хабар беришича, 2020 йилнинг 3 февраль куни мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси 3 нафар Ўзбекистон фуқароларининг коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилгани тўғрисида ОAВ хабарини тасдиқлади.
Новосибирск-Тюмен авиарейсида учган Хитой фуқаросида коронавирус аниқланганидан сўнг ушбу рейснинг барча йўловчилари ҳамюртларимиз билан касалхоналарга жойлаштирилган.
Бош консулхона юртдошларимиз жойлаштирилган тиббиёт муассасаси билан алоқа ўрнатди.
Шифокорлар берган маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг аҳволи қониқарли ва коронавирус симптомлари кузатилмаяпти. Уларнинг тиббий таҳлиллари Тюмен ва Новосибирск тиббиёт муассасаларига юборилган. У ерда пухта ўрганилганидан сўнг тиббий хулоса берилади.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Урал федерал округи (Курган вилояти, Свердловск вилояти, Тюмен вилояти, Челябинск вилояти, Ханти-Мансийск автоном округи – Югра, Ямал-Ненецк автоном округи) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +7 343 276 31 66, +7 343 272 31 33.