Самарқанд давлат университетида шпаргалкадан фойдаланган икки талаба имтиҳондан четлатилди
Самарқанд давлат университетида бакалавриат таълим йўналишининг битирувчи курс талабалари якуний давлат аттестацияси синовларидан ўтказилмоқда.
– 16 ва 17 май кунлари магистратура мутахассислиги битирувчилари аттестациядан ўтказилди, – дейди университетнинг ўқув-услубий бошқарма бўлим бошлиғи Сайфиддин Амриддинов. – 18 май кунидан бошлаб бакалавриат таълим йўналиши битирувчилари учун синов бошланди. Улар 3 та фан бўйича имтиҳон топширмоқда. Жорий йилнинг июль ойида 3-курс талабалари ҳам хорижий тилдан ёзма иш топширади.
Имтиҳонни шаффоф ва адолатли ўтишини йўлга қўйиш мақсадида аудиторияга кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, жараённи талабанинг яқинлари бевосита кузатиб бориш имкониятига эга. Аттестациядан ўтказиладиган ҳар бир талаба назоратчилар томонидан текширилиб, сўнгра бино ичкарисига киритилмоқда.
Университетнинг ўқув-услубий бошқармасидан олинган маълумотга кўра, шпаргалкадан фойдаланган талаба бир марта огоҳлантирилади ва қайта такрорланса, имтиҳондан четлатилади. Бугунгача бундай ҳолат икки талабада кузатилди ва улар имтиҳондан четлатилди.