Самарқанд Германиянинг йирик миграция ва ишга жойлаштириш компаниялари билан ҳамкорликни бошлади

Германия Федератив Республикасида ишчи ташрифи билан бўлиб турган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов бошчилигидаги делегация аъзолари бугун ушбу мамлакатда фаолият юритаётган ва халқаро миқёсда хизмат кўрсатувчи миграция консалтинги компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида меҳнат миграцияси, малакали кадрлар тайёрлаш, хорижда иш билан таъминлаш ҳамда тадбиркорлик соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Monvel UG, Arsel GmbH ва Novatera GmbH компаниялари халқаро HR (инсон ресурслари), ишга жойлаштириш ва миграция консалтинги соҳасида фаолият олиб борувчи нуфузли ташкилотлар ҳисобланади. Ушбу компаниялар Германия меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда турли давлатлардан малакали мутахассисларни жалб қилиш, уларни иш берувчилар билан боғлаш ва ҳуқуқий-ташкилий жараёнларда кўмак беришга ихтисослашган.

Шунингдек, мазкур компаниялар хорижлик фуқароларга Германияда IT, муҳандислик, тиббиёт, хизмат кўрсатиш ва техник соҳаларда фаолият юритиш учун зарур шарт-шароитларни яратишда амалий ёрдам кўрсатади. Хусусан, виза расмийлаштириш, меҳнат шартномаларини тайёрлаш, тил курсларига йўналтириш, яшаш жойини топиш ва янги муҳитга мослашиш каби жараёнларда ҳамроҳлик қилади.

Бундан ташқари, компаниялар тадбиркорлар ва инвесторларга Европа бозорига чиқиш, бизнес алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро мутахассисларни жалб этиш бўйича консалтинг хизматларини ҳам тақдим этади. Бу эса маҳаллий тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очиб, экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.



Учрашув давомида Шербек Бўронов компанияларнинг раҳбарлари — Денис Мария Ҳрадески, Аслам Фаттоев ва Мурат Паскал Дурсун билан икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашди. Суҳбат чоғида Самарқанд вилоятида ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг хорижий тиллар бўйича билимларини ошириш, Германия меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида тадбиркорлик, меҳнат миграцияси, мутахассисларни тайёрлаш ва ишчиларни ўқитиш йўналишларида ҳамкорлик қилишни назарда тутувчи меморандумлар имзоланди. Томонлар ушбу келишувлар келгусида Самарқанд вилояти аҳолиси, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, халқаро меҳнат бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.