Самарқанд шаҳрида яна уй-жой можароси. Масалани вилоят ҳокими бориб ўрганди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов шу йил 26 апрель куни Самарқанд шаҳрида ўтказган сайёр қабулда мурожаат қилган фуқароларнинг айримларига «Масалани жойида ўзим кўраман, муаммога биргаликда ечим излаймиз», деган эди.

Бугун, 27 апрель куни Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов ҳамда масалаларга масъул корхона-ташкилот раҳбарлари ва мутасадди ходимлар билан ана шу мурожаатларни ўрганди.

Ҳоким дастлаб шаҳардаги Тинчлик маҳалласида бўлиб, маҳалла раиси Насиба Давронова ҳамда шу маҳаллада яшовчи етти нафар фуқаронинг ҳудудда 1958 йилда қурилган икки қаватли 49-уй бузилиши ва ўрнида беш қаватли замонавий турар-жой бунёд этилишига айрим фуқароларнинг қаршилик кўрсатаётгани, оқибатда 16 оила ижарада яшаб келаётгани ҳақидаги мурожаатини ўрганди.

Аниқланишича, ушбу эски уй ўта таъмирталаб бўлиб, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бузилиши, унинг ўрнидан янги, замонавий бино қурилиши белгиланган. Бу борада барча зарур ҳужжатлар, далолатномалар бор. Бироқ ўтган 1,5 йил давомида унинг қурилишини зиммасига олган Самарқанд шаҳридаги «Silk voyage» масъулияти чекланган жамияти қурилиш ишларини бошлолмай овора. Чунки мавжуд 18 хонадондан 16 хонадон эгалари қурувчи томонидан билдирилган таклиф – янги уй қурилгач, уларга тегишли 40 квадрат/метр майдонга эга квартира ўрнига 80 квадрат/метрли квартира берилишига рози бўлишган. Бироқ шу уйнинг 16- ва 18-хонадонларида яшовчи Шаҳноза ва Дилором Розиқовалар қурувчи таклифини рад этиб, ундан кўпроқ пул талаб қилган ва бугунгача уйдан чиқмай келмоқда. Қурилиш ташкилоти раҳбари бу фуқароларни рози қилиш учун ҳатто ўзлари яшаётган маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 40- ва 44-кўп қаватли уйлардан икки ва уч хонали, замонавий таъмирланган, барча шароитга эга иккита квартирани харид қилиб берган. Улар бу таклифни ҳам рад қилган.

Ҳоким фуқаролар, қурувчилар билан суҳбатлашиб, вазиятни ўрганди ва Дилором ва Шаҳноза Розиқоваларга таклиф этилган хонадонлар ҳолатини кўрди.

- Бир оила эмин-эркин, барча шароитлардан баҳраманд ҳолда яшаши учун хонадон зарур бўлса шунча бўлади-да, - деди ҳоким. – Ўн олти оиланинг ижарама-ижара юриб қийналаётгани, ўн олти оиланинг қачон эски уй бузилади-ю қачон янгиси қурилиб, кўчиб ўтамиз, дея хавотирда юрганини сиз ҳам ҳис қилишингиз керак. Йўлдан чиқсанг ҳам, элдан чиқма, деган гап бор халқимизда. Шу хонадонларга кўчиб ўтинг, қурувчи ишини бошласин.

Аммо Д.Розиқова қурувчидан талаб қилган катта суммани олмас экан, хонадонни бўшатмаслигини билдирди. Шундан сўнг ҳоким вазият билан боғлиқ айрим фактларни баён этди. Унга кўра, аслида Д.Розиқова яшаётган 18-хонадон унинг синглиси Шаҳноза Розиқовага тегишли. Дилором Розиқова бу уйга 2018 йил 25 декабрь куни доимий рўйхатга қўйилган. Ш.Розиқова яшаётган 16-хонадон эса Умида Розиқовага тегишли. «Ўйин»ни қарангки, Ш.Розиқова бу хонадонга вақтинча рўйхатга қўйилган.

Шаҳноза Розиқова ўз уйи бўла туриб нима учун бир манзилда бошқа хонадонга вақтинча рўйхатга қўйилган? Бундан кўзланган манфаат нима? Нега бу уйда яшаган бошқа фуқаролар ҳеч қандай эътирозсиз билдирилган таклифни қабул қилгану опа-сингиллар рад жавобини бермоқда. Мақсад нима ўзи? Э.Турдимов бу саволларга жавобни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жавоб бериши, масала суд тартибида ҳал этилишини таъкидлади.

Шундан сўнг вилоят ҳокими сайёр қабулда мурожаат қилган яна бир фуқаро - Самарқанд шаҳридаги Суғдиёна маҳалла фуқаролар йиғинидаги 68-уйда яшовчи Рустам Аблялимовнинг маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли тураржой бинолари олдидаги болалар майдончаси ўрнида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги ҳақидаги мурожаатини ўрганди.

   Мазкур бино қурилиши Самарқанд шаҳридаги “Шоҳруз обод қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан бошланган ва бугунги кунда айрим фуқароларнинг қаршилиги туфайли тўхтатиб қўйилган. Мана, қарийб икки йил ўтибдики, бошланган қурилиш ишлари охирига етмаяпти.

   Бу ерда лойиҳа асосида 5 қаватли турар жой биноси қурилиб, 250 квадрат/метр майдонда маҳалла маркази, профилактика инспектори учун хона, кутубхона, спорт зали қурилиши белгиланган. Ушбу лойиҳа вилоят қурилиш бошқармаси, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан тасдиқланган. Лекин маҳаллада яшовчи айрим фуқаролар турли важлар билан қурилишни тўхтатган.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов масала юзасидан аҳоли ва қурувчини тинглаб, ўз фикрини билдирди.

- Аслида кўп қаватли уйлар орасида бу тарзда йирик қурилиш олиб бориш мумкин эмас, - деди вилоят ҳокими. – Бироқ икки йил аввал Самарқанд шаҳрида бундай ҳолатлар кўп бор кузатилди. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, бўш жойлар уй-жой қуриш учун ажратиб берилган. Агар бу масалаларни чуқурроқ ўрганадиган бўлсак, вазият бутунлай ўзгариб кетади. Шу сабабли, энди аввалги қарорлар асосида бошланган қурилишларни охирига етказишга мажбурмиз. Лекин мана шу қурилишни амалга ошираётган тадбиркор атрофдаги кўп қаватли уйларда яшаётган аҳоли учун ноқулайлик туғдирмаслиги, аксинча ҳудудни обод этиб, аҳолига имкон қадар кўпроқ қулайлик яратишга бурчли ҳисобланади.

Шу жиҳатдан мана шу иншоот қурилиши ҳам энди зарур талаблар асосида битказилади. Қурувчи ушбу бинодан маҳалла маркази, профилактика инспектори учун хона, кутубхона, спорт зал ажратиб беради. Шу билан бирга аҳоли учун турли маъракалар ўтказиладиган очиқ ва ёпиқ ҳолдаги маскан, замонавий болалар майдончаси бунёд этади.

Бу таклиф аҳоли ва қурувчига маъқул бўлди. Э.Турдимов Самарқанд шаҳар ҳокимига объект қурилиши жараёнларини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.