Самарқанд шаҳридаги мактабларда кунлик тозалаш ишларини амалга оширувчи ходимлар - фаррошлар етарли эмас

Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Пирмуҳаммад Маҳмудов иштирокида ўтган брифингда, жумладан, шундай маълумотлар келтирилди.

2020-2021 йилги ўқув йилини ташкил қилиш, коронавирус пандемияси даврида таълимни болалар саломатлигига зиён етказмаган ҳолда олиб боришда эътибор қаратилиши лозим жиҳатлар бўйича Самарқанд шаҳридаги 87 та умумтаълим мактабларида марказимиз томонидан ўрганишлар олиб борилди. Ушбу умумтаълим мактаблари ходимлари иштирокида секторлар кесимида ушбу жараённи ташкил қилиш қоидалари юзасидан ўқув-семинарлар ташкил этилди.

Ўрганишлар натижасида амалга оширилган ишлар қатори камчиликлар ҳам аниқланди. Хусусан, мактабларнинг 80 фоизида зарарсизлантирувчи воситалар етишмайди. Мактабларда кунлик тозалаш ишларини амалга оширувчи ходимлар, яъни фаррошлар етарли эмас. Учинчидан, ушбу мактабларда тиббий назорат олиб бориш учун тиббиёт ходимларининг етарли эмаслиги аниқланди. Ҳар бир таълим муассасаси раҳбаридан мактабларга киришда деинфекция тўшаклари ташкил қилиш, ҳар бир синф хонасида 15 тадан кам бўлмаган бола ўқитилиши, синф хоналарини ҳар соатда шамоллатиш, синфларда ҳар 3-4 соатда намли тозалаш ишларини амалга ошириш, изоляторлар ташкил этиш, тиббиёт хоналари билан таъминлаш каби вазифаларни ташкиллаштиришларини сўраймиз.

Тўғри, ҳар бир мактабда ҳозирда изоляторлар ташкил қилинган. Аммо у талабларга жавоб бермайди. Синфдан-синфга кўчишга рухсат бермаслик, ўқувчиларнинг ҳар соат қўлларини антисептик воситалар билан зарарсизлантириш, ҳар кунлик ҳолат бўйича ўз ҳудудидаги тиббиёт муассасасига хабар бериш талаб этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, карантин чоралари юмшатилгач, фуқаролар томонидан карантин қоидаларига риоя қилиш ҳолатлари камаймоқда. Бу ҳолат касалликнинг кўпайишига замин яратмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, аҳолини санитария қоидаларига риоя қилишга чақирамиз.