Самарқанд ветеринария медицинаси институти Конкук университети билан ҳамкорлик қилади

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида Жанубий Кореянинг Конкук университети президенти Мин Санги бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди.

Институт ректори Х.Юнусов меҳмонларга ўтган йил ташкил этилган мазкур ўқув юртининг мақсад ва вазифалари, бу ердаги таълим жараёнлари ҳақида маълумот берди. Ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун замонавий билимларга эга олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Кореялик меҳмонлар институт таълим йўналишларининг бугунги кун учун долзарб аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. Бу борада ҳамкорликда ишлаш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, масофавий таълим имкониятлари, замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди. Атрофлича танишув ва муҳокамалардан сўнг икки олий ўқув юрти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

– Бу ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатли бўлиб, муассасаларимизнинг истиқболдаги режаларини амалга ошириш, биргаликда ўқув дастурлари тайёрлаш ва уларни такомиллаштириш, илмий ҳужжатлар ва адабиётларни алмашишга хизмат қилади, – дейди Конкук университети президенти Мин Санги. – Бу алоқаларни қўшма конференция, семинар ва  симпозиумлар уюштириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш билан янада мустаҳкамлаймиз.

Кореялик меҳмонлар ташриф давомида Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.