Самарқанд вилояти Кенгашининг 91-сессияси 20 октябрь куни ўтказилади

Бу ҳақда вилоят ҳокими Э.Турдимов бугун, 13 октябрда қабул қилган “Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги олтинчи чақириқ, тўқсон биринчи сессиясини чақириш тўғрисида”ги қарорида маълум қилди.

 Қарорга кўра, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги олтинчи чақириқ, тўқсон биринчи сессияси 2023 йил 20 октябрь куни чақирилади.

Сессия кун тартибига қуйидаги масалалар киритилган:

- Нуробод, Тойлоқ, Қўшработ ҳамда Оқдарё туманлари ҳокимларининг аҳоли муаммоларини ҳал қилиш борасида олиб бораётган ишлари тўғрисидаги ҳисоботлари;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6118-сонли фармони ижроси юзасидан Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи С.Жабборовнинг ҳисоботи ҳақида;

- вилоят маъмурий суди раиси С.Солиевнинг вилоят суди томонидан 2023 йил 9 ойи давомида вилоятда одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлари юзасидан ахбороти ҳақида;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-190-сонли қарорининг вилоятдаги ижроси юзасидан вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи А.Ашуровнинг ҳисоботи ҳақида;

- Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон ва Нуробод туманларининг мавжуд маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ҳақида;

- вилоят ҳокимлигининг янгиланган ташкилий тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида;

- вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида;

- Самарқанд вилоятида ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифлари миқдорини белгилаш тўғрисида;

- халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги «Самарқанд вилоятида янги кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида;

- Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси балансидаги Кимёгарлар қўрғонида жойлашган фойдаланилмасдан турган «Асфальт-бетон ишлаб чиқариш цехи» бино ва иншоотини аукцион савдоларига чиқариш тўғрисида;

- жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисида;

- халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2023 йил 16 июндаги «Самарқанд вилоятида автомобиль йўллари, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими, электр энергияси таъминоти, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида;

- 2023 йил учинчи чорак якунлари бўйича вилоят ҳокими ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши натижаларини тасдиқлаш тўғрисида.