Самарқандда 2020 йил ғалла хирмонига тайёргарлик бошланди

Тажрибали деҳқонлар ғалладан юғори ҳосил олишнинг биринчи шарти вақтида ерга уруғ қадаш ва уни қиш мавсумигача ундириш эканлигини яхши билишади. Самарқанд ғаллакорлари ҳам келгуси йил ҳосили учун 102 минг 730 гектар майдонга бошоқли дон экинларини экиш тадоригини ҳозирдан кўрмоқда. Ғалла уруғи 51 823 гектар очиқ майдонга ва 50 907 гектар ғўза қатор орасига экилиши белгиланган.

Ҳозирда ҳудудлар ва фермерлар кесимида ер тайёрлашдан тортиб суғоришгача бўлган агротехник тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Шу асосда дастлаб туманларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб ғалланинг серҳосил, истиқболли, касаллик ва зараркунандалар ҳамда сувсизликка чидамли бўлган “Звезда” (10,2 минг гектар), “Гром” (13,8 минг гектар), “Яксарт” (1,1 минг гектар), “Юка” (8,5 минг гектар), “Андижон-2” (9,6 минг гектар), “Давр” (6,3 минг гектар), “Антонона” (5,7 минг гектар), “Ғозғон” (5,2 минг гектар), “Безостая-100” (3,4 минг гектар), “Васса”(10,2 минг гектар) ва бошқа (28,6 минг гектар) навлари танлаб олинди.

Талаб этиладиган 25 103 тонна дон ўрнига 33 902 тонна уруғлик дон давлат стандартлари асосида тозаланиб, дорилаш ва қоплаш ишлари якунига етказилмоқда.

Экиш мавсумини сифатли ва уюшқоқлик билан ўтказиш, мавсумни белгиланган муддатда якунига етказиш учун 15 та ғалла экиш штаби, 277 та экиш отряди ташкил этилди. Отрядларга 523 нафар мутахассис, 521 нафар таъминотчи (нефть, минерал ўғит, уруғ), 238 нафар ер тузувчи ва 1768 нафар механизатор бириктирилади.

Туманларда ғалла экишни самарали ўтказиш учун 10,8 минг тонна фосфорли 1400 тонна калийли ўғитлар етказиб берилади. 2020 йил ҳосили учун ер тайёрлаш 26 августдан 18 октябргача режалаштирилган бўлса, экиш ишлари 10 сентябрдан бошланиб, 40 кунда якунлаш ва ноябрь ойининг биринчи ярмига қадар ниҳолни тўлиқ ундириш ва суғоришни режали асосда олиб бориш белгиланган.

Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси ахборот хизмати.