Самарқандда 6 ойда автовашлар орқали 2,1 миллион доллар сотилган

Матбуот уйида ўтган брифингда Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Сувонқуловнинг маълум қилишича, халқаро пул ўтказмаларини мобиль иловалар орқали олиш имкони яратилган, апрель-октябрь ойларида бу хизмат ҳажми 389 минг АҚШ доллари эквивалентини ташкил этган.

Ҳозирда вилоятда 86 та автоматлашган айирбошлаш шохобчаси мавжуд ва  уларнинг 13 тасида 100 АҚШ долларигача миқдорда харид операциясини амалга ошириш мумкин.

Автовашлар орқали фойдаланувчилар томонидан апрель-октябрь ойларида 2,1 миллион АҚШ доллари сотилган ҳамда 202 минг АҚШ доллари харид қилинган. Истеъмол бозорини зарурий товарлар билан тўлдириш учун март-август ойларида 5 138 та хусусий корхоналарга айланма маблағларни тўлдириш учун 806 миллиард сўм, дори-дармон, тиббий воситалар ва ускуналар савдоси тармоғига айланма маблағларни тўлдириш учун 135 миллиард сўм кредитлар ажратилган.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси молиявий кўмакларидан самарали фойдаланиш мақсадида март-сентябрь ойларида 2 304 тадбиркорга ажратилган 1 530 миллиард сўмлик кредитлар бўйича 155 миллиард сўм фоиз компенсация, 296 та тадбиркорга ажратилган 360 миллиард сўмлик кредитлар бўйича 168 миллиард сўм кафиллик жалб қилинди.

Битта қарз олувчига бир вақтда ҳам кафиллик ҳам компенсация беришга қўйилган чеклов бекор қилиниши натижасида 174 тадбиркорлик субъектига ажратилган 643 миллиард сўмлик кредитлар бўйича фоиз xаражатларини қоплашга компенсацияси ва кафиллик жалб қилинди.