Самарқандда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2,5 миллион сўм

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш бешинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб вилоят сайлов комиссияси раиси С.Нуриевнинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига бўшаб қолган ўринга  2022 йил 29 май куни ўтказилган сайлов натижаси тўғрисидаги ахбороти қабул қилиниб, 29-Қорадарё сайлов округидан сайланган Саидаҳмад Усмонов ва 41-Мевали сайлов округидан Инобат Бобоқуловага депутатлик нишони ва гувоҳномаси топширилди.

Шундан сўнг, вилоятдаги айрим аҳоли пунктларини номлаш ва қайта номлаш, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйилишига рухсат бериш, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш, вилоят “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 апрелдаги “2022-2026 йилларда Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 222-сон қарори ижроси юзасидан ҳаракатлар режаси, 2022 йилда вилоятда 106 километр ички кўчаларда цемент-бетон қопламали йўл қуриш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланди.    

Шунингдек, депутатлар вилоят ҳокимининг Ашуров Акобир Самижоновични вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига тасдиқлаш тўғрисидаги қарорини тасдиқладилар.

Сессияда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурлар ижроси юзасидан ҳисобот берди.

Қайд этилишича, биринчи чорак якунлари бўйича вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,1 триллион сўм (ўсиш суръати 106 фоиз)ни ташкил этди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2,5 миллион сўм (ўсиш суръати 103,8 фоиз)га етди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноатда 110,7, қишлоқ хўжалигида 102, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда 122, қурилишда 108,6, хизматлар соҳасида эса 113 фоиз ўсишга эришилди.

Афсуски, саноатда ўсиш суръати Каттақўрғон шаҳрида 101,4 фоиз ўрнига 62,5, Оқдарёда 71,4, Пайариқда 80,8 фоизни ташкил этган.

Худди шундай, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида ҳам ўсиш суръатлари баъзи ҳудудларда бажарилмаган.

– Олдимизга қўйилган энг долзарб мақсад ва вазифалардан бири, бу – вилоятда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш орқали кейинги 5 йилда хизмат кўрсатиш ҳажмини 3 баробарга оширишдир, – деди Ж.Ўроқов. – Жорий йилда хизматлар ҳажмини 27,9 триллион сўмга ёки 149,3 фоизга оширишимиз керак. Январь-апрель ойларида хизматлар ҳажми 6,5 триллион сўм (112,2 фоиз)ни ташкил этиб, бу борада орқада қолмоқдамиз.

Шунингдек, сессияда вилоят ҳокимининг ўринбосари – туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Р.Қобиловнинг туризм хизматларини ривожлантириш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи, вилоят ҳокимлиги ижро-назорати гуруҳи раҳбари З.Раҳимовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.