Самарқандда АҚШ ва Хитой ҳамкорлигида қўшма корхона очилади

Самарқандда “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича инвестицион стратегик ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида Хитой  давлатининг “Beijing Huiyuan Holding Co.LTD” ва Американинг “GMFR Global group Co.LTD”  компаниялари ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ўртасида уч томонлама шартнома имзоланди.

Тадбирда АҚШ, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги алоқалар кўп йиллик тарихга эга эканлиги таъкидланди. Вилоят ҳокими Э.Турдимов мамлакатимизда  хорижлик инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар хусусида маълумот берди.

– Мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичи 350 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, хитойлик ҳамкорларим билан Самарқанд вилоятида чорвачилик, интенсив боғ, замонавий  иссиқхоналар қуриб уч йўналишда кластер сифатида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз, – дейди “GMFR Global group Co.LTD”  компанияси вакили Диловар Ғулом. – Бунинг натижасида, дастлабки  босқичда ҳар хил турда қадоқланган сув ва шарбат ҳамда сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилса,  кейинги босқичда вино маҳсулотлари тайёрланади.

Лойиҳа амалга ошгач корхонада йилига 20 миллион тонна қадоқланган сув, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, маҳсулот тўлиқ экспортга йўналтирилади.  Натижада мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, учрашувда лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.