Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда бир йилда 200 нафарга яқин юрагида туғма нуқсони бор бола жарроҳлик йўли билан даволанди

Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бундан бир йил аввал болалар кардиохирургияси бўлими ташкил этилган эди. Янги бўлимга мутахассислар хориждан чақирилди. Аниқроғи, Россиянинг Москва шаҳридаги А.Н.Бакулев номли юрак-қон томир хирургияси илмий марказида бир неча йилдан буён фаолият кўрсатаётган ватандошларимиз – кардиохирурглар Мақсуд Саидов, Икром Маллаев, Мирзоҳид Темиров таклиф қилинди.

– Дунёга машҳур тиббиёт марказида ишлаётган, хорижда бўлса ҳам ўз ўрнини топган, обрў-эътибор қозонган ҳамкасбларимизнинг юртимизга келиб, иш бошлашига кўпчилик ишонмаган эди, – дейди Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи М.Азизов. – Лекин давлатимиз, Президентимиз чет мамлакатларда фаолият олиб бораётган ватандошларимиз учун юртимизда барча шарт-шароитни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратаётгани туфайли ҳам улар таклифни қабул қилди. Қолаверса, ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган, камолга етказган юртига, халқига хизмат қилиши керак-да. Бизнинг ҳамкасбларимиз ҳам ана шундай ватанпарвар, болаларни яхши кўрадиган шифокорлар. Улар Самарқандга келиши билан ҳокимлик томонидан уй-жой билан таъминланди. Ўз навбатида бўлимда мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш учун республика соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан замонавий шароит, имкониятлар яратиб берилди. Жумладан, вазирлик кўмагида 8 турдаги тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган 1 миллиард 900 миллион сўм маблағ эвазига сунъий қон айлантириш аппарати олиб келиб ўрнатилди.

Бунинг натижасида марказимизда илк бор юракни тўхтатган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Малакали мутахассисларимиз ҳамда замонавий технологиялар ёрдамида болаларда учрайдиган энг оғир турдаги юрак хасталикларини ҳам даволаш йўлга қўйилди. Ҳатто, бемор болаларнинг ота-оналарининг айтишича, тузалишига умид йўқ дейилган болалар ҳам марказимизда жарроҳлик йўли билан  самарали даволанди. Айниқса, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Жиззах вилоятларидан бундай хасталиклар билан кўплаб болалар келтирилди. Умуман, бир йил давомида марказимизда юрак туғма нуқсони бор 195 нафар бола операция усули билан даволанди.

Эътиборли томони шундаки, марказда юрак операциялари 5 килограмм оғирликдаги беморлардан бошлаб қилинмоқда. Мамлакатимизнинг бошқа болалар кардиохирургияси марказларида эса 10-15 килограмм оғирликдаги бемор болаларгина жарроҳлик йўли билан даволанади.