Самарқандда булдозер томонидан магистрал газ қувурига шикаст етказилган, ҳолат бартараф этилаётгани айтилди

Кеча, 19 апрель куни Самарқанд магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли магистрал газ қувурининг 226-километрида тупроқ ишларини бажараётган булдозер газ қувурига шикаст етказган.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, катта миқдорда табиий газ сизиб чиқишини олдини олиш мақсадида қувурнинг 215-километридаги кранлар ёпилган.

Айтилишича, қувурда юзага келган мазкур носозликни бартараф этиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Шарқий йўналишдаги истеъмолчиларга табиий газни Ғаллаорол магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли қувурлар орқали етказиб бериш ва узилишларга йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.