Самарқандда электр энергияси таъминоти тизимида қатор қонунбузарликлар аниқланди

Прокуратура органлари томонидан Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонасида Ўзбекистон Республикасининг қарор ва фармойишлари, вилоят ҳокимлигининг қарор ҳамда топшириқлари ижроси ўрганилганда қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Хусусан, Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонасининг мансабдор шахслари 2019 йил давомида электр ҳисоб назоратининг автоматлаштирилган тизимига ўтказилган 1288 нафар аҳоли истеъмолчиларининг 1 миллиард 984 миллион сўм, 172 та улгуржи истеъмолчиларнинг 722,6 миллион сўм, умумий ҳисобда 2 миллиард 707 миллион сўм қарздорлиги учун тармоқдан узилган жами 1460 та истеъмолчилар мавжуд қарздорликларни бартараф қилмаган.

Шундай бўлса-да, тизимдан фойдаланиш учун берилган 14 та логин-пароллар ёрдамида қарздор истеъмолчилар тармоққа ноқонуний тарзда улаб берилганлиги сабабли жорий йил 23 январда вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, 205-моддада ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўладиган ҳолатга нисбатан жавобгарлик белгиланган.

Ушбу модданинг 1-қисмига кўра, жавобгар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мансабга совуққонлик билан қараш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, Жиноят кодексининг 207-моддаси билан малакаланади.

Ушбу модданинг 1-қисми билан жавобгарликка тортилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Вилоят прокуратураси ахборот хизмати.