Самарқандда ҳам ҳокимликка аёл киши тайинланди
Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар кенгашининг бугун ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида Алимова Гавҳар Зойировна Каттақўрғон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Гавҳар Алимова Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Жомбой туманидаги 16-мактаб йўриқчилигидан бошлаган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш комплекси мутахассиси, аввалги “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.
2018 йилдан 2020 йилгача Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, яқиндан бошлаб эса Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.
Гавҳар Алимова 2017 йилдан буён Каттақўрғон шаҳрига ҳокимлик қилган Музаффар Хошимов ўрнини эгаллади.