Самарқандда илк бор гемофилия касаллигига учраган беморда чаноқ-сон бўғимини сунъий бўғимга алмаштириш операцияси амалга оширилди
Самарқанд давлат тиббиёт университети травматология ва ортопедия, гематология кафедралари ходимлари билан ҳамкорликда республикада биринчи марта гемофилия касаллиги билан касалланган беморда юқори технологияли операция, яъни чаноқ-сон бўғимини тотал эндопротезлаш (чаноқ-сон бўғимини сунъий бўғимга алмаштириш) операцияси муваффақиятли амалга оширилди.
Бизда олдиндан чаноқ-сон бўғимини сунъий бўғимга алмаштириш операцияси ўтказиб келинади, - деди тиббиёт фанлари номзоди Илҳом Жўраев. – Фақат бу операция гемофилия касаллиги билан оғриган беморларда бажарилмас эди. Сабаби, гемофилия касаллигига учраган беморларда операция жараёнида кўп қон кетиб қолиши мумкин. Биз жамоамиз билан ушбу муаммога ечим топдик ва операцияни муваффақиятли амалга оширдик.
Операциядан кейин бемор юришни бошлади. Ҳозирги кунда беморда реабилитация олиб борилмоқда. Чаноқ-сон бўғимини тотал эндопротезлаш бошқа касалликларда, масалан, сон бошчасини асептик некрозида, чаноқ-сон бўғимлари коксартроз касалликларида кенг йўлга қўйилган бўлиб, айнан гемофилия касаллигида илк бор бажарилди.
Айни пайтда университет олимлари томонидан ушбу мураккаб технологияли амалиётни юртимиз тиббиётида кенг қўллаш устида иш олиб борилмоқда.
Одилбек Аҳмедов.