Самарқандда ўқитувчилар онлайн малака оширяпти
Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида жорий йилда 8850 нафар педагог-ходимларнинг малака ошириши режалаштирилган.
Пандемия шароитидан келиб чиқиб, халқ таълими педагог ходимларининг ўз касбий маҳоратларини узлуксиз ошириб бориш мақсадида онлайн тарзда масофадан малака ошириш йўлга қўйилди. Таълим тизимининг фавқулодда бошқа бир шаклга ўтиши, бутун дунёда бўлгани каби республикамиз таълим тизимини ҳам янги шароитларга мослашишга мажбур қилди. Шуни инобатга олиб, Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 9 июндаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича жорий этилган карантин даврида халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида малака ошириш курсларини онлайн ва оффлайн шаклда ташкил этиш тўғрисида”ги 142-сонли буйруғи асосида масофадан малака ошириш курслари ташкил этилди.
- Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари билан ҳамкорликда тингловчилар курсларга сўровномалар асосида қабул қилинди, - дейди вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори Аъламжон Ибрагимов. - Онлайн дарслар белгиланган вақт асосида, Zoom платформасида олиб борилмоқда. Ушбу платформа тингловчиларга бир вақтнинг ўзида онлайн конференция, семинар ва маҳорат дарсларида иштирок этиш имкониятини яратди.
Бугунги кунда малака ошириш режасида назарда тутилган барча тоифадаги ўқитувчилар учун онлайн малака ошириш курслари давом этмоқда. Якуний аттестация синовлари ҳам масофадан онлайн тарзда амалга оширилади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.