Самарқандда ўтказилган Бобурхонлик тадбирида ҳиндистонлик профессор ва талабалар иштирок эди

Самарқанд давлат тиббиёт университетида улуғ аждодимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан адабий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Ҳиндистондаги Жавоҳарлал Неру университети Марказий Осиё тадқиқотлари институти раҳбари, Бобуршунос олим, профессор Аҳмад Ахлок Ахан иштирок этиб, у раҳбарлик қилаётган муассасада Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, давлат арбоби сифатидаги фаолияти ва ижодини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар, улуғ бобомизнинг бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз юритди.

– Бир неча кундан буён юртингизда Тошкент, Андижон шаҳарларида, бугун эса Самарқандда бўлиб, улуғ давлат арбоби, аллома Заҳириддин Муҳаммад Бобур қадами етган жойларни зиёрат қилиш бахти насиб этганидан хурсандман, – дейди Аҳмад Ахлок Ахан. – Бу ернинг табиати, тарихий обидаларини кўриб, Мирзо Бобур ўз она юртини жуда аниқ ва равшан, меҳр-муҳаббат билан таърифлаганига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Улуғ саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур бизнинг Ҳиндистонда кўплаб бунёдкорлик ишларини амалга ошириш билан бирга цивилизация ривожига ҳам беқиёс ҳисса қўшган. У бизнинг юртимизда нафақат туркий маданият, Ислом динини кенг тарғиб қилган, балки ҳинд халқи анъана ва қадриятлари, маданиятини ҳам юксалтирган. Шунинг учун ҳозир ҳам халқларимиз турмуш тарзи, қадриятларида муштараклик, ўхшашлик яққол кўриниб туради.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ф.Тошев, Тошкент давлат хореография академияси ўқитувчиси, филология фанлари доктори Ҳ.Ҳамроева Бобур ижоди, хусусан, “Бобурнома” энциклопедик асари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

“Ниҳол” мукофоти совриндори Азиз Ражабий томонидан мумтоз қўшиқлар ижро этилди. Университет талабалари, жумладан, Ҳиндистон ва Покистондан келиб таҳсил олаётган ёшлар Бобур ғазал ва рубоийларидан намуналар айтдилар.