Самарқандда қўлга олинган тожикистонлик контрабандачиларга суд ҳукми ўқилди
Хоразм вилояти ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида республикамиз ҳудудида Тожикистон Республикаси фуқароларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.
Тожикистон Республикаси фуқаролари 34 ёшли И.У. ва 36 ёшли К.Д.лар олдиндан жиноий тил бириктириб, К.Д. бошқарувидаги “Ваз-2110” русумли автомашинанинг бензин баки ичига яширган ҳолда Тожикистон Республикаси ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чегара пости орқали контрабанда йўли билан олиб кирилган 6 дона полиэтилен пакетларга қадоқланган “ОПИЙ” гиёҳвандлик воситасини 2019 йил 05 июн куни соат 01:30 да Самарқанд вилояти ҳудудида 20.000 АҚШ долларига сотаётганларида тезкор тадбир асосида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сотиш) ва ЖКнинг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида Тожикистон Республикаси фуқароларига нисбатан юқоридаги моддалар билан айблов эълон қилинган ҳамда “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
2019 йилнинг 5 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Урганч тумани судининг ҳукмига кўра К.Д. ва И.У.лар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми ва 246-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, К.Д.га нисбатан 10 йил, И.У.га эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.