Самарқандда такси ҳайдовчиси хабар берган ёнғин бартараф этилди. Қоровул 4 фоиз куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилган

Яқинда тунгги соат 03:05 да Самарқанд шаҳар ФВБ диспетчерлик хизматига йўлда ҳаракатланиб кетаётган такси ҳайдовчиси қўнғироқ қилган.

У Самарқанд шаҳридаги Панжакент кўчаси, 182-уйда жойлашган “Ёнғинга қарши курашиш жамият жасорат” хусусий ташкилотида чақнаш бўлаётганлиги тўғрисида хабар берган.

Ушбу хабар асосида Самарқанд шаҳрини ёнғиндан муҳофаза қилувчи 6-ёнғинга қарши курашиш гуруҳи жанговар экипажлари соат 03:18 да воқеа жойига етиб борган. Тилсиз ёв бир соат ичида - соат 04:18 да тўлиқ бартараф этилган.

Аниқланишича, “Ёнғинга қарши курашиш жамият жасорат” ташкилоти қоровулхонасида газ ва ҳаво аралашмаси чақнаш оқибатида ёнғинга айланган. Тилсиз ёв туфайли қоровул - 1953 йилда туғилган фуқаро Х.В. 4 фоиз куйиш тан жароҳати олган. У тезлик билан Самарқанд шаҳридаги тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимига етказилиб, зарур ёрдам кўрсатилиши таъминланган.

С.БАШИРОВ,

Самарқанд шаҳар ФВБ ходими, катта сержант.