Самарқандда ташқи реклама объектларини қуриш учун 100 га яқин ер участкалари сотилди

Реклама фаолиятини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги Қарорига асосан ҳудудларда ташқи реклама объектларини хатловдан ўтказиш учун ишчи гуруҳлар тузилган.

Мазкур ишчи гуруҳлар томонидан вилоят бўйича 694 та ташқи реклама объектлари (конструкциялари) хатловдан ўтказилди. Шундан, 80 таси тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаган (рухсатсиз ўрнатилган) конструкцияларни қарор талабларидан келиб чиқиб, ўз эгалари томонидан демонтаж қилинди, 142 таси қарор талабларига мослаштирилди.

Бугунга қадар Самарқанд шаҳридаги 12 та тадбиркорлик субъектларида 79 та ташқи реклама воситалари қарор талабларига мослаштирилмаганлиги аниқланди.

Қарор талабларидан келиб чиқиб, мослаштиришнинг имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, ваколатли органнинг кўрсатмасига асосан ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун аввал тузилган шартномалар, берилган паспортлар, гувоҳномалар, сертификатлар, рухсатномалар ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатларни вилоят ҳокимининг тегишли қарорларига асосан бекор қилиш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, ташқи реклама объектлари (конструкциялари) қуриш ҳуқуқини электрон аукционларда сотишни ташкил қилиш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимликларининг масъул ташкилотлари билан биргаликда ер участкалари хатловдан ўтказилди ҳамда 1245 та паспортлари тайёрланиб, «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасига жойлаштирилди. Шунингдек, шаҳар (туман) ҳокимликлари томонидан қўшимча равишда 1000 та ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш учун ер участкаларининг тегишли ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Ҳозирда тадбиркорлар томонидан ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш учун «E-IJRO AUKSION» электрон савдосида қатнашиб, 100 га яқин ер участкаларининг сотиб олинганлигини маълум қиламиз.

А.ХУДОЙҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти монополияга қарши курашиш бошқармаси реклама фаолиятини тартибга солиш бўлими бошлиғи.