Самарқандда Янги ҳаёт туманига ўхшаш ҳудудлар ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент металлургия заводининг очилиш маросимидаги нутқида Янги ҳаёт тумани ҳақида тўхталиб ўтди ва бошқа шаҳарларда ҳам шу каби ҳудудлар барпо этилишини маълум қилди.

"Маълумки, ушбу корхона Тошкент шаҳри таркибида яқинда ташкил этилган Янги ҳаёт туманида иш бошлаяпти.

Янги ҳаёт тумани янги Ўзбекистонни ривожлантиришга комплекс ёндашувнинг намунаси, десак, тўғри бўлади. Мазкур ҳудудда бир вақтнинг ўзида шинам турар жойлар, замонавий саноат қувватлари, янги транспорт инфратузилмаси, жумладан, ерусти метроси ва йўл ўтказгичлар, ижтимоий объектлар қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Урбанизация, аҳоли учун қулай бўлган сифатли шаҳар муҳитини яратишга оид бундай замонавий ёндашувни биз бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг жорий этмоқдамиз. Хусусан, яқин келажакда Наманган, Андижон, Самарқанд ва бошқа йирик шаҳарларимизда ҳам айни шундай ҳудудлар барпо этишни режалаштирганмиз.

Буларнинг барчаси фуқаролик ва саноат қурилишининг жадал ривожланиши учун қулай шароит яратади, янги завод маҳсулотларига ҳам, турдош тармоқлар маҳсулотларига ҳам барқарор талабни вужудга келтиради", деди Шавкат Мирзиёев.