Самарқанддаги энг қолоқ мактабларга 10 сентябргача видеокузатув камералари ўрнатилади
Бу ҳақда вилоят ҳокими янги ўқув йили олдидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
Йиғилишда қайд этилганидек, кейинги вақтларда халқ таълими тизимида шаклга катта эътибор қаратилиб, мазмун ва сифат масаласи четда қолган. Оқибатда, бугунги кунда мактабларнинг миллий рейтингида Самарқанд 13-ўринга тушиб қолган. Аксарият туманлардаги мактаблар рейтингнинг энг қуйи ўринларида қайд этилган.
- Самарқанд шаҳри ва тумани, Ургут, Тойлоқ, Пайариқ ва Паст Дарғом туманларидаги таълим сифати паст бўлган 10 тадан мактабга видеокузатув ускуналари ўрнатилади, - деди вилоят ҳокими. – Қолган туманларда ҳам худди шу тартибда 5 тадан мактабларнинг синфхоналари, ўқитувчилар хонаси, керак бўлса ҳовлига ҳам камералар ўрнатилади.
Бунинг учун туман, шаҳар ҳокимликларининг захира фондидан маблағ ажратилиб, белгиланган ишлар 10 сентябрга қадар якунланиши шарт.
Қайд этилганидек, бу аввало таълим сифати паст мактабларда жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади. Вилоят ҳокимига ҳам кириш имконини берувчи тизим 24 соат ишлаши керак.